Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ахборот технологиялари марафони ташкил этилди
20:46 / 2023-11-29

Соҳага берилаётган эътибор маҳсули

Бугун юртимизда ахборот технологиялари соҳасини иқтидорли, ақл-заковатини намойиш этаётган ёшларсиз тасаввур қилиб бўлмаса керак.

Сўнгги олти йилда соҳага катта миқдорда инвестиция йўналтирилди. Бу борадаги ишлар изчил давом этаётгани қувонарли.

Президент ташаббуси билан барча ҳудудларда IT-парклар ташкил этилди. Бунинг натижасида 14 минг нафардан зиёд йигит-қиз юқори даромадли ишга эга бўлди.

Айни жараённинг ажралмас қисми сифатида турли ташкилотлар, халқаро тузилмалар ҳамкорлигида кўплаб янги лойиҳалар, ёшлар ташаббуси доирасида дастурлар        йўлга қўйилмоқда, мусобақалар уюштирилмоқда.

Ўтган йил IT-парк резидентлари 5 триллион сўмлик хизмат кўрсатгани, 140 миллион долларлик хизматни экспорт қилгани эса ушбу саъй-ҳаракатлар самрасидан далолат.

Куни кеча Тошкент ахборот технологиялари университети Фарғона филиалида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) томонидан ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори билан ҳамкорликда “Hack4 Digital Villages” – дастурчилар минтақавий форуми ўтказилди.

IT-Парк ва “CGIAR Accelerate for Impact Platform” кўмагида ташкил этилган тадбирда республиканинг барча ҳудудларидан анжуманда қатнашиш истагини билдирган 244 вакил орасидан саралаб олинган 103 нафар мутахассис иштирок этди. Улардан 36 жамоа шакллантирилди.

Ҳар бир жамоа иссиқхонани бошқариш, сувдан самарали фойдаланиш ва ерни суғориш, пестицидни назорат қилиш,  қишлоқ хўжалигида бизнесни ривожлантириш учун таълим йўналишларидан бири бўйича лойиҳа устида иш олиб борган.

Юқори тайёргарликка эга ва профессионал рақобатчилардан 16 жамоа финал тақдимотига етиб келди. Ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаш натижасига кўра, беш жамоа хакатон ғолибига айланди.

“Smart Greenhouse” лойиҳаси билан биринчи ўринни эгаллаган “Эверест” жамоаси смартфон орқали масофадан бошқариладиган автоматик шамоллатиш, суғориш ва иситиш тизими ёрдамида иссиқхонадаги жараённи автоматлаштиришга муваффақ бўлган. Бундан ташқари лойиҳада иссиқхонани қўшимча иситиш учун ақлли тизим амалга оширилган ва кундалик статистик маълумотни қайд қилиб бориш йўлга қўйилган.

“Green Spring” жамоасининг боғ, иссиқхона ва далани масофадан туриб назорат қилиш, тупроқнинг ҳолати ва барча параметрларини телефондаги илова орқали ўлчаш лойиҳаси иккинчи ўринни олди.

“Curved” жамоасининг “Green Guardia” номли лойиҳаси эса учинчи ўринга лойиқ деб топилди. Бу топилма экиш ва йиғим-терим маълумотини бошқариш, телеметрия, диагностика учун ўсимликни суратга олиш, деҳқончилик соҳасига киришни енгиллаштиришга ёрдам беради.

“Robo Group” жамоасининг иссиқхонадаги ҳарорат ва намликни масофадан назорат қилиш, иситиш учун кетадиган харажатни камайтиришга ёрдам берадиган ҳароратни автоматик созлаш ва ушлаб туриш, “Upgrade” жамоасининг мураккаб таҳлилни амалга ошира оладиган, тупроқ сенсори ўрнатилган сунъий интелллекти – “Smart Farm” лойиҳалари ҳам эътироф этилди.

Тадбирдан кўзланган мақсад ғолибларга ўз ғояларини ҳақиқий бизнесга айлантириш, ишланмалар асосида билимни кенгайтириш имконини беришдир.

ФАО ва IT-Парк мутахассислари томонидан беллашув иштирокчилари учун вебинар ҳам уюштирилди. Анжуманда хакатон мусобақаси ҳақида маълумот берилди, фермерлар муаммолари юзасидан фикр алмашилди. Иштирокчиларга фермерлар ва мураббийлар билан бевосита мулоқот қилиш имкони тақдим этилгани ҳам айни муддао, дейиш мумкин.

Эслатиб ўтамиз, ФАОнинг Ўзбекистондаги “Digital Villages Initiative” ташаббуси қишлоқ хўжалиги маҳсулдорлигини ошириш, фермерларнинг рақамли хизматдан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш ва Фарғона водийси қишлоқларида турмуш даражасини яхшилашга қаратилган.

Ушбу ташаббус жамоатчилик иштирокига асосланган бўлиб, қишлоқ аҳолиси, айниқса, ёшлар жамоалари дуч келадиган муаммоларни биргаликда аниқлаш ва ҳал қилишга хизмат қилади.

Беҳруз Худойбердиев, ЎзА