Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ахборот тарқатишда сўз масъулиятини унутмаслик керак
12:50 / 2021-05-29

Президентимизнинг “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги фармонида аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришда оммавий ахборот воситаларининг ролини кучайтириш зарурлиги белгиланган.

Фармон ижроси доирасида Адлия вазирлигида “Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтиришда ОАВни роли” мавзуида семинар ташкил этилди.

Таъкидлангандек, аҳолининг ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришда ОАВнинг ролини янада кучайтириш давлат сиёсати даражасига кўтарилган.

Ҳукуматнинг қарори билан 2020-2021 йилларда жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

Адлия вазирлиги ҳамда бошқа давлат органлари ва ташкилотлар зиммасига журналистларнинг ҳуқуқий билимларини янада ошириш бўйича бепул ўқув курслари ва семинарлар, матбуот анжуманлари, брифинглар, медиатурлар ташкил этиш каби муҳим вазифалар белгилаб қўйилди.

Семинар давомида ОАВнинг ҳуқуқни тарғиб қилишдаги роли ва масъулиятига, давлат органларининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашга эътибор қаратилди. Фейк хабарлар тарқалишининг олдини олиш ҳамда ахборот манбалари билан ишлашда белгиланган меъёрларга амал қилиш шарт.

Зеро, сўз ва фикр эркинлиги журналист касбининг ажралмас бир қисмидир. Ҳокимиятнинг, муассисларнинг, у ёки бу гуруҳнинг манфаатларига хизмат қилиш, жамият манфаатлари ва шахснинг конституцион ҳуқуқларига зид бориш журналист этикасининг бузилишидир.

Баъзида тезкорлик, шов-шув ва рейтинг ортидан қувиш, энг ёмони эса, маълум гуруҳларнинг ёки шахсларнинг манфаатини кўзлаб, ахборотни яхши текширмай ёки атайин бузиб тарқатиш ижтимоий, ҳуқуқий, руҳий-маънавий ва бошқа оқибатларга олиб келиши мумкин.

Журналист инсоннинг шахсий ҳаётига дахл қилмаслиги, унинг шаъни ва обрўсига путур етказмаслиги, қонун билан белгиланган ҳуқуқларидан фойдаланган ҳолда айнан шу қонун билан зиммасига юклатилган мажбуриятларни ҳам ҳис қилиши, бир сўз билан айтганда, сўзга масъулият билан муносабатда бўлиши унинг профессионализмини белгиловчи асосий хусусиятлардан биридир.

Семинар давомида ҳуқуқшунослар ва медиа экспертлар журналист ва блогерларнинг саволларига батафсил жавоб қайтарди.

ЎзА