Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ахборот тараққиёт кўзгуси
10:50 / 2023-06-27

Жиззах вилояти Ички ишлар бошқармасида 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари кунига бағишлаб журналист ва блогерлар иштирокида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.

“Оммавий ахборот воситалари жамият тараққиётининг кўзгуси” мавзусида ўтган ушбу тадбирда вилоят ИИБ соҳавий хизматлари ходимлари, марказий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерлар иштирок этди. 

Тадбир иштирокчилари Ўзбекистон журналистлар уюшмаси аъзоси, “Ўзбекистон” телеканали мухбири Дилмурод Абдураҳимовнинг мавзу юзасидан маърузасини катта қизиқиш билан тинглади. 

Маънавий-маърифий тадбирда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар барча жабҳалар сингари матбуотда ҳам ўзининг ёрқин самараларини бераётгани, сўз эркинлиги деган тушунчани мамлакатимизда фаолият юритаётган ҳар бир журналист кундалик иш фаолиятида ижод эркинлигини айниқса, кейинги 6-7 йил давомида эмин-эркин ва тўла-тўкис ҳис қилаётгани таъкидланди. 

Ахборот жамият ва мамлакат тараққиётининг кўзгуси, кишиларнинг онги, дунёқараши, сиёсий савияси шаклланишининг асосий воситаларидан биридир. Шунинг учун ҳам ахборотга бўлган ҳаётий эҳтиёж, уни қондиришга хизмат қилувчи омилларни шакллантириш кишилик тараққиётининг ҳар бир босқичида етакчи ўринлардан бирини эгаллаб келган. 

Сўнгги йилларда эркин ОАВ фаолияти учун зарур бўлган ҳуқуқий, ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий шароитлар шаклланди. Маърифатда фуқаролик жамияти қуриш ва инсон эркинлиги, ҳуқуқларини таъминлаш чора-тадбирларининг амалга оширилиши ОАВнинг фуқаролик жамияти институтлари тизимидаги ўрни ва ролини янада мустаҳкамлаш, фуқароларнинг сўз эркинлигини таъминлашга қаратилган конституциявий ҳуқуқларини янада тўлиқ рўёбга чиқаришга ёрдам бераётгани қайд этилди. 

Маънавий-маърифий тадбир давомида вилоят ИИБ бошлиғи генерал-майор Ғайрат Қодировнинг журналистларига байрам табригини бошқарма бошлиғининг ўринбосари, подполковник Ҳамидулла Абдуллаев ўқиб эшиттирди. 

Шунингдек, Ички ишлар вазири буйруғи билан хизматда яхши натижаларга эришган бир нафар ходимга навбатдан ташқари махсус унвон топширилиб, ходимлар ўртасида анъанавий тарзда ҳуқуқ-тартибот соҳасига оид қизиқари савол-жавоблар викторинаси ташкил этилди.
Бундан ташқари, 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан ички ишлар органлари фаолиятини самарали ёритиб келаётган оммавий ахборот воситалари ходимларининг бир гуруҳига вилоят ИИБ бошлиғининг ташаккурномаси, пул мукофотлари ва эсдалик совғалари топширилди.

А.ҚАЮМОВ,
Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА