“Инфолиб Ўзбекистон -2023” ХII Миллий ахборот-кутубхона ҳафталиги доирасида “Ахборот-кутубхона марказларида ахборот тизимлари хавфсизлигини таъминлаш ҳамда ижтимоий тармоқларда хавфсизлик сиёсати” мавзусида семинар бўлиб ўтди.
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг Техник ва технологик қўллаб-қувватлаш хизмати томонидан ташкил этилган мазкур семинарда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри, вилоятлар ҳамда туман (шаҳар) ахборот-кутубхона марказлари мутахассислари иштирок этди.
Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директорининг ўринбосари Собир Жампўлатов мавзунинг долзарблигини алоҳида таъкидлади.
– Умумжаҳон ахборот глобаллашуви жараёнлари ахборот-коммуникация технологияларини нафақат мамлакатлар иқтисодиёти ва бошқа соҳаларида жорий этиш, балки ахборот тизимлари хавфсизлигини таъминлашни ҳам талаб этмоқда, – деди С.Жампўлатов. – Ахборот технологиялари ҳаётимизнинг ҳар бир жабҳасига кириб бориши инсонларнинг ахборотга бўлган талаблари кучайишига, ахборотнинг муҳимлик даражаси ортишига олиб келади. Натижада ахборотни қўлга киритишга қаратилган хатти-ҳаракатлар, афсуски, кун сайин ортиб бормоқда. Бу эса ўз навбатида ахборот хавфсизлигини таъминлаш долзарблигини билдиради.
Семинарда ахборот-кутубхона марказларида IT тизимларнинг хавфсизлигини таъминлашнинг ўзига хос жиҳатлари хусусида атрофлича сўз юритилди.
Миллий ахборот-кутубхона ҳафталигининг навбатдаги “Китобхонлар куни”да “Ахборот-кутубхона хизматини кўрсатишда замонавий ахборот-коммуникация технологияларининг ўрни”, “Йилнинг энг яхши ахборот-кутубхона мутахассиси” республика кўрик-танловининг республика босқичи, бир қатор янги асарларнинг тақдимоти бўлиб ўтди.
Н.Усмонова, ЎзА