Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ахборот кутубхона маркази янги бинода иш бошлади
10:09 / 2020-11-23

Жиззах вилояти Бахмал тумани маркази Ўсмат шаҳарчасида туман ахборот кутубхона марказининг янги биноси очилди.

Янги бино очилиши туман ҳокими Муса Анорбоев Президентимизнинг 2019 йил 7 июндаги “Ўзбекистон Республикаси аҳолисига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида гапириб, ушбу зиё масканининг янги бинода иш бошлаши ҳудуд маданий, маънавий-маърифий ҳаётида муҳим воқеа бўлганлигини таъкидлади.  

Ҳозиргача туман халқ таълими бўлими идорасида фаолият юритиб келаётган марказда китобхонлар учун шароит йўқ эди. Туман ҳокимлиги томонидан бўш турган бино ажратилиб, кутубхонага мослаб қайта реконструкция қилиниши китобхонларга катта қулайлик яратди.

Кутубхона учун ажратилган бинонида маҳаллий бюджет ва ҳомийлик маблағлари ҳисобидан 710 миллион сўмлик капитал реконстукция ишлари амалга оширилди. Бинони қайта қуриш давомида кутубхона хизмати талабларига жавоб берадиган барча шароитлар, қулайликлар яратилиб, замонавий жиҳозлар билан таъминланди. Энг муҳими – китоб фонди янада бойитилди.  

 Янги зиё маскани ишга тушиши муносабати билан муассасага вилоят ахборот-кутубхона маркази томонидан Ўзбекистон миллий энциклопедиясининг 12 томдан иборат тўлиқ тўплами, 44 томлик Ўзбекистон адабиёти христоматияси ва 2 минг дона бадиий адабиётлар тўплами берилди. Бундан ташқари, туман ҳокими ва вилоят ахборот-кутубхона маркази мутасадилари ҳар ойда шунга тенг миқдорда китобларни алмаштириб туриш бўйича келишиб олишди.  

Айни пайтда туман ахборот кутубхонасининг китоб фондини 1 минг 600 дан зиёд номдаги 10 минг 427 нусхада бадиий адабиётлар ва дарсликлар ташкил этаётир.  

Кутубхона фондини тўлдиришда бугунги китобхонларнинг, айниқса ёшларнинг эҳтиёж ва қизиқишлари ҳисобга олинган. Кутубхона фондидаги китобларнинг 6 минг 404 таси лотин, 3 минг 873 таси крилл алифбосидаги адабиётлардан иборат. Шунингдек, бугунги ёшларнинг талаблари ҳисобга олиниб фондга рус, инглиз тилидаги китоблар ҳам олинган.

Шунингдек, муссасада китобларнинг электрон шаклидан, интернетдан фойдаланиш учун махсус ўқув зали фаолияти йўлга қўйилган. Бу залда ахборот технологиялари воситасида исталган китобни олиб ўқиш мумкин.  

Очилиш маросими иштирокчилари кутубхонанинг китоб фонди, фаолияти, хизматлар билан танишди. Маросимда қатнашган вилоят аҳборот кутубхона маркази раҳбари Ҳафиза Қудратованинг маълум қилишича, барча туманларда кутубхоналарни янги бинолар билан таъминлаш устида иш олиб борилаётир.  

 

Т. БЕКНАЗАРОВ, ЎзА