English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ахборот ҳамкорларимиз нигоҳида – Янги Ўзбекистон
06:54 / 2025-06-14

Сўнгги йилларда диёримизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, сиёсий ва иқтисодий очиқликка қаратилган ташаббуслар халқаро жамоатчилик диққат-эътиборини тортмоқда.

Ҳар қандай янгиликни дунё афкор оммасига етказишда ахборот майдони, хусусан оммавий ахборот воситаларининг ўрни беқиёс. Зеро, ҳамкасбларимиз нафaқат хабар тарқатади, балки жамият кайфиятини узатади, ислоҳотларга нисбатан муносабат уйғотади, давлат ва жамоатчилик ўртасида кўприк вазифасини ўтайди.

Мазкур рукнда ЎзАнинг хорижий ҳамкорлари саҳифаларида эълон қилинаётган Янги Ўзбекистонга оид хабарлар, кузатув ва баҳолар бериб борилади. Бу жараён нафақат хорижий медиа вакиллари нуқтаи назарини, балки ўлкамиз ҳақидаги ҳаққоний ташқи қарашларни ҳам умумлаштиради. Шу тариқа мамлакатимизнинг тараққиёт йўли, очиқ сиёсати ва ислоҳотлари халқаро ахборот маконида қандай таҳлил қилинаётгани ҳақида муайян тасаввур ҳосил қилиш мумкин.

APP: “Ўзбекистон ҳаво йўллари” 14 июндан “Тошкент-Исломобод” йўналишини очади

Покистоннинг “Associated Press of Pakistan – APP” ахборот агентлиги ёзишича, икки дўст давлат ўртасидаги ҳаво алоқаларини кенгайтириш мақсадида “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси жорий йил 14 июндан бошлаб “Тошкент-Исломобод” йўналиши бўйича тўғридан-тўғри рейс йўлга қўяди.

Ҳар шанба қатнайдиган янги йўналиш Ўзбекистон ва Покистоннинг кўп йиллик шериклигини мустаҳкамлаш, турли соҳалардаги ҳамкорликни чуқурлаштириш бўйича умумий манфаатни ифодалайди.

– Бу тўғридан-тўғри парвоз ўзаро муносабатдаги стратегик тараққиётни кўрсатади ва икки минтақа ўртасида инфратузилмани, савдо-сотиқ, энергетика соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, сайёҳлар алмашинуви кўламини кенгайтиришга қаратилган Марказий ва Жанубий Осиёни бирлаштириш ташаббуси мақсадига мос, – дейилган мақолада.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” ҳозир ҳафта ўтиб, чоршанба ва жума кунлари Лаҳорга тўғридан-тўғри рейс амалга оширмоқда. Бу алоқалар Покистоннинг йирик шаҳарларини нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё ва бошқа минтақалар билан ҳам боғлаб, компания мавқеини оширишга хизмат қилади.

– Бу йўналиш шунчаки транспорт алоқаси эмас, балки чуқур иқтисодий интеграция, маданий алмашинув ва стратегик шериклик учун дарвоза сифатида умумий қадрият, бир-бирини тўлдирадиган манфаат ва узоқ тарихга эга ҳамкорлик бирлаштирган икки давлат муносабати кучайиб бораётганидан далолат, – дея хулоса қилган муаллиф.

Kabar: Қирғизистон ва Ўзбекистон туризм соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтирмоқда

Ўш шаҳрида ўтказилган “Салом Ўш-2025” II-Халқаро сайёҳлик кўргазмаси Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасида туризм ва ҳунармандлик соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилди, деб ёзди Қирғиз Республикаси “Kabar” ахборот агентлиги.

Хабарда айтилишича, Фарғона вилоятидаги “Mingboshi Ceramix” ва “Silk Vats” корхоналари томонидан сопол ва ипак маҳсулотлари намойиш этилгани иштирокчиларда жиддий қизиқиш уйғотган.

– Ўш давлат университетида бўлиб ўтган туризм форумида Қирғизистон, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Хитой вакиллари соҳани ривожлантириш юзасидан фикр алмашди, – дейилган мақолада. – Тадбир давомида маҳаллий ва Ўзбекистоннинг Навоий вилояти ҳокимликлари ўртасида меморандум имзоланган.

Шунингдек, форумда Ўш шаҳрида кулолчиликни ривожлантириш ва ҳунармандлик мактаби очиш масаласи муҳокама қилинди. Қирғизистонда истиқомат қилувчи ўзбек миллатига мансуб ёшларни Риштонга малака оширишга юбориш ташаббуси кўтарилди. Ўш шаҳри ҳокими Женишбек Токторалиев мазкур ташаббусларни қўллаб-қувватлаб, тегишли тадбирларни бошлаш бўйича тегишли масъулларга кўрсатма берди.

Мутахассислар қайд этишича, туризм йўналиши Қирғизистон ва Ўзбекистон иқтисодиётида муҳим соҳага айланмоқда.

ANSA: Ломбардия ва Самарқанд вилоятлари ҳамкорлиги

Италиянинг ANSA ахборот агентлиги Ломбардия вилояти раҳбари Аттилио Фонтана Ўзбекистонга сафари давомида Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев билан учрашганини ёритди.

Хабарда таъкидланишича, губернатор учун бу воқеа “икки вилоят ўртасида бошланган самарали ҳамкорликни тизимли олиб бориш учун кенг имконият”дир.

– Улкан салоҳиятга эга соҳалар қатори иқтисодий-тижорий, илмий, маданий, сайёҳлик, соғлиқни сақлаш сингари стратегик секторлар борки, бу борада компанияларимизнинг бой тажрибаси умумий тараққиётни ҳаракатлантирувчи кучга айланиши мумкин, – деди Фонтана мулоқот чоғида.

Kazinform: Ўзбекистон 2028 йилгача коинотга ўз сунъий йўлдошини учиради

Ўзбекистонда 2028 йилгача илмий-техник сунъий йўлдошни коинотга чиқариш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда “Ўзбеккосмос” агентлиги директори ўринбосари Муҳиддин Иброҳимов Қозоғистоннинг “Казинформ” ахборот агентлиги мухбирига маълум қилди.

– Жорий йил мамлакатимиздан 7 нафар талаба Япониянинг Кюшу технология институти магистратурасига юборилади, – деди мулозим. – Улар 2027 йилгача давом этадиган ўқиши давомида сунъий йўлдош лойиҳасини ишлаб чиқади. Айни пайт самога сунъий йўлдош учириш учун тегишли компаниялар билан шартнома тузиш зарур. Режамизга кўра, Ўзбекистон 2028 йилгача ўз сунъий йўлдошини коинотга олиб чиқади. Ҳозир ‘SpaceX” компанияси билан музокара олиб боряпмиз. Дунё мамлакатлари ўз сунъий йўлдошларини коинотга олиб чиқиш вақтини аллақачон белгилаб, 2-3 йил олдиндан буюртма ҳам бериб қўйган. Бундан ташқари ракета учириш имконияти ҳам чекланган. Хуллас, масаланинг ҳамма томони эътиборга олиниши керак.

Ўтган йил мамлакатимиз космосни тадқиқ қилиш бшйича халқаро шартномага қўшилган.

Xinhua: Ўзбекистон 2026 йил ЖСТга аъзо бўлишни мақсад қилган

Хитой Халқ Республикаси “Xinhua” ахборот агентлиги Тошкентда ўтказилган халқаро инвестиция форумини ёритаркан, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон 2026 йил Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишни мақсад қилгани ҳақидаги нутқига алоҳида эътибор қаратди.

Мақолада Президент глобал ишлаб чиқариш занжирида ҳар бир давлат учун тенг шароит таъминлаш зарурлигини таъкидланига урғу берилган.

– Энг аввало, бир нарсага эътиборингизни қаратмоқчиман: глобал ишлаб чиқариш занжирларида ҳар бир давлат учун тенг шароитни таъминлайдиган ишончли қоидалар бўлиши шарт ва зарур. Ҳеч шубҳасиз, бу борада Жаҳон савдо ташкилотининг алоҳида ўрни бор. Шу боис, келгуси йилда ушбу Ташкилотнинг аъзосига айланиш бўйича олдимизга мақсад қўйганмиз ва бу борада ҳамкорларимиз билан фаол ишлаяпмиз. Бунинг учун ўнлаб қонун, юзлаб стандартларни халқаро талабларга мослаштирдик ва бу ишларни шу йил тўлиқ якунига етказамиз, – дея Ўзбекистон етакчисининг нутқидан иқтибос келтирган нашр.

SPA: Ўзбекистон илк бор футбол бўйича “ЖЧ-2026”га йўлланма олди

Абу-Дабидаги “Ал Наҳаён” стадионида Осиё қитъаси саралаш 3-босқичи сўнги ўйинида БАА билан дурангга эришган футбол бўйича Ўзбекистон терма жамоаси ўз тарихида илк бор Жаҳон чемпионатига йўлланма олди. Бу ҳақда Саудия Арабистони SPA ахборот агентлиги хабар берган.

– Ўзбекистон очколари сонини 21 тага етказди ва гуруҳда биринчи ўринни эгаллаган Эрондан икки очко ортда қолди, – дейилган мақолада.

Шунингдек, манбада БАА ва Қатар терма жамоалари 3-4-ўринларни эгаллаб, қитъа плей-офф босқичи йўлланмасига эга бўлгани таъкидланган.

Trend: Озарбайжонда Ўзбекистон Миллий маркази ташкил этилади

Озарбайжон ва Ўзбекистон иқтисодий-сармоявий алоқалари изчил ривожланмоқда, бироқ мавжуд имкониятлар ҳали тўлиқ рўёбга чиқмаган. Бу ҳақда Тошкент шаҳри ҳокими ўринбосари Шароф Раҳмонов IV Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасидаги “Озарбайжон – Ўзбекистон: иқтисодий шериклик вектори” сессиясида сўзлаган нутқида айтиб ўтган, дея хабар бермоқда “Тренд” ахборот агентлиги.

– Ҳозир Тошкентда Озарбайжон капитали иштирокида 200 га яқин корхона фаолият юритаётганини таъкидлаш ўринли, Бокуда ҳам тахминан шунча ўзбек компанияси рўйхатдан ўтган, – деди Ш.Раҳмонов.

Шунингдек, у фаол сайёҳлик алмашинувига ҳам эътибор қаратган. Икки йирик лойиҳа – Бокудаги Ўзбекистон миллий маркази ва Тошкентдаги Озарбайжон миллий маркази қурилиши бошланганига урғу берган.

– Ушбу муҳим ташаббусларни ҳаётга татбиқ этишда ҳар икки томон тадбиркорлари иштирок этади. Мамлакатларимиз рамзига айланажак марказлар ҳудудида истироҳат боғи, савдо-кўнгилочар мажмуаси, турар-жой мавзелари барпо қилинади, – дея Тошкент ҳокими ўринбосари маърузасидан иқтибос келтирган нашр.

Anadolu: Ўзбекистон – Газипаша чартер рейси очилди

Ўзбекистон пойтахти Тошкентдан Анталиянинг Алания-Газипаша аэропортига илк чартер рейс билан 158 нафар йўловчи етиб келди, деб ёзди Туркиянинг “Anadolu” ахборот агентлиги.

Таъкидланишича, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясининг мазкур илк тўғридан-тўғри рейсини аэропортда “Asialuxe Travel” компанияси ходимлари тантана билан кутиб олган.

ТАСС: Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири республикадаги миссиясини якунлаётган Россия элчисини қабул қилди

ТАСС ахборот агентлиги Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов мамлакатимизда ўз миссиясини якунлаётган Россия элчиси Олег Мальгинов билан учрашгани ҳақида мақола чоп этди.

Хабарда айтилишича, томонлар икки давлат ўртасидаги иттифоқчилик ва стратегик шерикликни янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилган. 

– Алоқаларни чуқурлаштириш ва мамлакатларимиз учун манфаатли қўшма ташаббусларни қўллаб-қувватлашга умумий интилишни яна бир бор тасдиқладик, – дея вазирнинг сўзларини келтирган нашр.

Мальгинов 2021 йил март ойидан бери РФнинг юртимиздаги элчиси сифатида фаолият юритиб келган.

UNA-OIC: Қатарнинг мазкур форумдаги иштироки Ўзбекистон билан муносабат сифатини тасдиқлайди

Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) ахборот агентликлари иттифоқи (UNA-OIC) жорий йил 10-12-июнь кунлари пойтахтимизда ўтказилган халқаро инвестиция форуми ҳақида махсус мақола эълон қилди.

Мақолада дунёнинг турли давлатларидан кўплаб юқори мартабали амалдорлар, инвесторлар ва иқтисодий тузилмалар вакиллари иштирок этган йиғинда Қатар делегациясига ташқи савдо ишлари бўйича давлат вазири Аҳмад бин Муҳаммад Ал-Саид бошчилик қилгани таъкидланган.

– Қатарнинг мазкур анжумандаги иштироки Қатар Давлати ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги икки томонлама муносабатларнинг чуқурлигини тасдиқлайди, – дейилган манбада.

Шунингдек, нашр 6 000 квадрат метр майдонни эгаллаган кўргазмада Ўзбекистон иқтисодиётининг 10 дан ортиқ муҳим тармоғи, жумладан нефть-кимё, чакана савдо, машинасозлик, электротехника, қурилиш материаллари, металлургия, фармацевтика, озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш ва бошқа йўналишларга ихтисослашган 90 га яқин компания иштирок этгани қайд қилинган.

Ўткир Алимов тайёрлади.

ЎзА