Саудия Арабистони Жидда шаҳрида Ислом ҳамкорлик ташкилоти ахборот агентликлари иттифоқи (UNA-OIC) ва Қирол Салмон номидаги араб тили глобал академияси ҳамкорлигида “ИҲТ га аъзо давлатлар ахборот агентликларида араб тилидан фойдаланиш стандарти” номли виртуал семинар ташкил қилинди.
Анжуманда аъзо ахборот агентликлари вакиллари, жумладан ЎзА мухбирлари, турли муассасалар, қатор ОАВ ходимлари иштирок этди.
Семинарнинг асосий ташкилотчиси, UNA-OIC бош директори Муҳаммад бин Абд Раббо Ал-Ямий ахборот агентликлари фаолиятида лингвистик стандартнинг аҳамияти, шу йўналишдаги иш жараёнини тартибга солиш ва такомиллаштириш йўллари ҳақида сўзлаб, масалага эътибор тилга ғамхўрликнинг бир кўриниши эканини таъкидлади.

Академиянинг Тилшуносликни режалаштириш сиёсати сектори раҳбари, профессор Маҳмуд Ал-Маҳмуд мазкур анжуман медиа-контентни яхшилаш бўйича институционал саъй-ҳаракатни қўллаб-қувватлаши, медиа-дискурсияни шакллантиришда тилнинг ролини мустаҳкамлаш, сифати, изчиллиги, профессионаллигини таъминлашга кўмаклашишига тўхталди. Унинг таъкидлашича, тез ўзгариб бораётган, муайян муаммоларга дуч келаётган медиа ландшафтида ифода воситаларини тартибга солиш, хабарни лойиҳалаш ва иш сифатини баҳолаш учун аниқ ва ягона стандартга кескин эҳтиёж бор.
Семинар иштирокчиларига асосий тавсиялар тўплами тақдим этилди. Хусусан, ИҲТга аъзо идоралар ўртасида араб тилидаги контентни такомиллаштириш ва ўзаро алмашиш, аъзо агентликлар учун матнда лингвистикадан фойдаланишни тартибга солиш бўйича аниқ қоида ва стандартни ўз ичига олган ягона лингвистик қўлланма тайёрлаш зарурлиги маъқулланди. Айни йўналишда ҳамкорлик қилиш, жумладан қўшма маълумотлар базаси орқали ОАВ ва сиёсий атамаларнинг ихчам луғатини яратиш, ахборот агентликлари ходимлари учун халқаро медиа ишида араб тилидан фойдаланиш кўникмасини ҳосил қилиш ва тартибга солиш масаласи муҳокама қилинди.
М.Пирматова, ЎзА