French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ахборий ифлосланишнинг олдини олиш ва рақамли саломатликни сақлаш учун қандай чоралар кўрилиши керак?
18:45 / 2023-04-30

Бугун дунёда ахборий ифлосланиш, шунингдек, ахборотнинг номақбул шакллари пайдо бўлаётгани сохта ва ёлғон маълумотлардан ҳимояланиш заруратини юзага келтирмоқда. Ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизлик муаммосининг долзарблашуви, ахборотнинг товар сифатидаги тижорий функциялари ошиши, медиага қарамлик, фейк ахборот ва манипулятив таъсирнинг кенгайиши аҳолининг, хусусан, ёшларнинг ахборот маданиятини шакллантиришни тақозо этмоқда. Бу вазифани медиа-таълимни жорий этмасдан амалга оширишнинг имкони йўқ.

Хўш, медиа-таълимни Ўзбекистонда қандай жорий этиш мумкин? Ахборот истеъмолининг қандай ўзига хосликлари инобатга олиниши керак? Миллий асослар нималардан иборат?  

Маънавият ва маърифат маркази ҳузуридаги Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти кўмаги билан ўтказган кичик тадқиқотимизда республиканинг барча ҳудудидан 7 минг 827 нафар ёш қатнашди.  

Социологик сўров натижаларига асосланиб айтиш мумкинки, ўзбекистонлик ёшларнинг рақамли оламга мурожаат имкониятлари кенгайиб бормоқда. Улар медиадан, хусусун интернетдан фаол фойдаланмоқда. Аудиториянинг ахборот олиш манбаси, медиа билан муносабатларини аниқлаш мақсади кўзланган “Ахборотни кўпроқ қаердан оласиз?” деган саволга иштирокчиларнинг 43 фоизи ижтимоий тармоқ ва мессенжерлар, 36,6 фоизи интернет сайтлари, 0,3 фоизи газета-журнал, 2,9 фоизи телевидение, 1 фоизи радио, 7,4 фоизи китоб, 9,7 фоизи ота-она, ўқитувчи ва дўстлар билан мулоқотдан, деган жавобларни берган.  

“Кунига неча соат интернетдан фойдаланасиз?” деган савол натижаларига кўра ёшларнинг 4,9 фоизигина ҳар куни интернетдан фойдаланмаслиги маълум бўлди. Иштирокчиларнинг асосий қисми эса 1 соатдан 12 соатгача бўлган вақт оралиғида фаол фойдаланади: 12,5 фоизи – 1 соатгача, 34,4 фоизи – 1-3 соат оралиғида, 32,4 фоизи – 3-5 соат, 13,1 фоизи – 6-12 соат оралиғида. 12 соатдан кўп фойдаланувчилар сони 2,7 фоизни ташкил этади. Демак, ёшларга интернетдан рационал фойдаланишни ўргатиш зарур.  

“Интернетда нима билан шуғулланасиз?”, деган саволга 54,1 фоиз иштирокчи “сайтлардаги янгиликларни кузатаман”, деган жавобни берган.  Демак, интернетнинг имконияти кенг бўлиш билан бир қаторда янгиликлар узатиш функцияси етакчилик қилади. “Қидирув тизимларидан фойдаланаман”, деган жавоб 32,9 фоизни ташкил этсада, респондентлар қидирув тизимлари оптимизацияси тушунчаси билан таниш эмас. Сўровнома иштирокчиларининг 45 фоизи электрон китоб ўқиши, 16,1 фоизи онлайн шаклда ўқиши медиа имкониятларидан таълим соҳасида кенг фойдаланилаётганини тасдиқлайди. Бу ўринда шу нарса аниқ бўлдики, медиадан фаол фойдаланиш медиа-таълимнинг танқидий тафаккурни шакллантириш мақсадига мос. Иштирокчиларнинг 4,5 фоизи онлайн ишлайди. Ижтимоий  тармоқларда мулоқот 31,5, фильм ва сериаллар томошаси 15,5, фото ва видео юклаш 14,7, ўйинлар 3,7 фоиз овоз олгани медиа билан муносабатларни тартибга солиш, медиага фойдали мақсадда мурожаат этиш заруратини намоён этади.  

Медиа-таълим ХХ асрнинг иккинчи ўн йиллигида жаҳон таълим амалиётида пайдо бўлиб, ўтган асрнинг 60-йилларидан кейин кенг оммалашди. Жаҳонда медиа-таълимни жорий этиш тажрибасида устуворлик касб этаётган “Глобал фикрлаш, локал ҳаракат қилиш” тамойили ҳам ҳар бир ҳудудда миллий ва маҳаллий модел ҳамда стандартлар яратишни назарда тутади.  

Медиа-таълимнинг “ўзбек модели”ни амалиётга жорий этиш ахборий ва киберхавфсизликни мустаҳкамлайди. Аудиторияни дезинформациядан ҳимоялаш ва жамиятда соғлом ахборот муҳитини шакллантириш учун глобал тармоқ ёки ОАВдан фойдаланишда техник чекловларни қўйишга зарурат қолмайди. Медиага қарам инсонлар сони камаяди. Соғлом ахборий муҳит иқтисодиётнинг барча тармоқлари ривожига ижобий таъсир кўрсатади.  

Медиа-таълимни жорий этишда хорижий тажрибани тўғридан-тўғри кўчирмай, миллий моделни яратиш зарурати менталитет, ахборий муҳит ва ахборий муаммолар турличалиги билан ҳам изоҳланади. Масалан, медиа-таълимга доир хорижий қўлланмаларда ахлоқий оғишлар ва диний масалалардаги баъзи мисоллар, қарашлар, нуқтаи назарлар ўзбек миллий менталитети, асрий қадриятларига мос эмас.

Шунингдек, Ўзбекистонда болаларни салбий таъсирли ахборот, медиа-маҳсулотлардан ҳимоялашда оила ижтимоий институтидан самарали фойдаланиш зарур. Бола оиласи билан кўп вақт ўтказиши, оилада унинг медиа-истеъмоли назорат қилиниши, ота-онаси бу борада намуна бўлиши, медиа-олам ҳақида дастлабки кўникмалар шакллантирилиши керак.  

Умумий ўрта таълимда медиа-таълимни интеграциялашган шаклда, яъни бошқа фанлар мазмунига сингдириб ўқитиш керак. Олий ва ўрта махсус таълим тизимида медиа-таълимни алоҳида мустақил фан, танлов фан ёки мустақил курс сифатида ўқитиш мақсадга мувофиқ.  

Хулосa ўрнида aйтгaндa, медиа-таълимни дидактик асосларга суяниб, тарбия билан параллел равишда, оила институтининг бевосита иштирокида жорий этиш болалар, ўсмирлар ва ёшларнинг рақамли саломатлигини сақлаш, мамлакатда соғлом ва тараққиётга интилувчан ахборот муҳитини шакллантиришга хизмат қилади.  

Санобар Жуманова,  

Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети катта ўқитувчиси, 
филология бўйича фалсафа доктори