Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Аввало ўз тилгинангнинг хизматин қил қулдайин”
16:15 / 2019-10-21

Мақоладаги “Ким ўзбек тилига қарши борса, тўғридан-тўғри уни миллат душмани, Ватан хоини сифатида жазолаш керак!!!”, “Ўз тилини, ўз миллатини ерга урган кишини жазолаш лозим!!!”, “...Ҳамма давлат иши фақат ва фақат ўзбек тилида олиб борилиши шарт!” каби кескин фикрлар, кескир хитоблар бир пайтлар дилимдан тилимга чиқиб улгурмай қатағонга учраган, туғилмай бўғилган нидолар эди...


Президентимизнинг Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида қарори эълон қилингани юрагимда ажиб бир шодумонлик туйғусини уйғотган бўлса, миллатпарвар замондошларимизнинг вақтли матбуот саҳифаларида она тилимизнинг жаҳондаги мавқеини кўтариш борасидаги чиқишлари бу борадаги фикрларимни янада теранлаштирди. Айниқса, Эврил Туроннинг “Миллат тил билан тирик” мақоласи қалбим қаъридаги чорак асрлик аламларимни қўзғаб, қўлимга қалам тутди. Мақоладаги “Ким ўзбек тилига қарши борса, тўғридан-тўғри уни миллат душмани, Ватан хоини сифатида жазолаш керак!!!”, “Ўз тилини, ўз миллатини ерга урган кишини жазолаш лозим!!!”, “...Ҳамма давлат иши фақат ва фақат ўзбек тилида олиб борилиши шарт!” каби кескин фикрлар, кескир хитоблар бир пайтлар дилимдан тилимга чиқиб улгурмай қатағонга учраган, туғилмай бўғилган нидолар эди...

1992 йил Низомий номидаги Тошкент давлат педагогик институтини битириб, Маннон Уйғур номидаги Тошкент давлат театр ва рассомчилик институтининг “Ўзбек тили ва адабиёти” кафедрасида дарс бера бошладим. Тилшунослик бўйича илмий тадқиқотларимни йўлга қўйдим. Орадан икки йил ўтиб Тошкент давлат техника университетини “Геология” йўналиши бўйича битирган турмуш ўртоғим ёш мутахассис сифатида Навоий кон-металлургия комбинатининг 5-конбошқармасига ишга юборилди. Мен ҳам меҳнат фаолиятимни конбошқармада давом эттиришимга тўғри келди. Мен таржимон ва ўзбек тили ўқитувчиси сифатида корхонадаги рузийзабон ишчи-ходимларга ўзбек тилидан дарс бера бошладим.

Конбошқарма тасарруфида учта болалар боғчаси бўлиб, уларнинг барчаси рус тилига ихтисослашган эди. Бироқ, меҳнат жамоалари ўзбек, қозоқ, қорақалпоқ, татар ва бошқирд каби турли миллат вакилларидан ташкил топганди. Шуни инобатга олиб, раҳбариятга тарбиячиларга лотин графикасини ўқитиш таклифи билан чиқдим ва рухсат олгач, махсус дастур асосида машғулотларни бошладим. Биринчи машғулотда тингловчиларга муқаддима сифатида ўзбек тилининг давлат тили сифатида расман тан олингани, мамлакатда яшайдиган ҳар бир фуқаро давлат тилини билиши лозимлиги, қолаверса тилга ҳурмат, еб турган нон-тузга ҳурмат эканлиги ҳақида гапирдим. Бир соатлик дарс тугади. Ҳамма тарқалди.

Эртасига эрталаб мени конбошқарма директори ўринбосарининг кабинетига чақиришди. Кирсам, кабинетда етти-саккиз нафар салобатли одамлар жиддий қиёфада ўтиришарди. Менга пойгакдан жой кўрсатишди. Битта раҳбар таҳликали сукунатни бузиб, ўта расмий оҳангда “Кеча тарбиячилар билан ўтказган дарсингизда нималар деганингизни бир-бир айтиб беринг”, деди. Мен ҳайрон бўлиб, кечаги дарсда гапирган сўзларимни такрорладим. Улар бир-бирларига маъноли қараб олишди. Кейин бир рус миллатига мансуб киши (кейин билсам бу одам миллий хавфсизлик бўлими бошлиғи экан) “Оказывается она очень образованная. Вряд ли она допускала на такую ошибку”, деди. Шунда ҳамма қайрилиб, четроқда ўтирган боғча мудирасига юзланди. Боғча мудираси қизариб, “Ну, мне так передали. Якобы она сказала, что кто не знает узбекский язык, пусть отсюда уезжает”.

Бу сўзни эшитиб, мен ҳайратдан қотиб қолдим ва менга жуда жиддий айб қўйилаётганини ҳис қилдим. Ўзимни тутиб олиб, қатъий оҳангда: “Келинглар, яхшиси барча тингловчиларни йиғиб, юзма-юз бўлайлик. Шунда ҳаммаси аён бўлади”, дедим. Шунда яна ўша рус одам: “Нет не стоит этого! Нам всё понятно. Мы вам доверяем. Вы на такое не пойдёте”, деб ҳаммасига нуқта қўйди. Шу пайт бир лаганбардор раҳбар ўрнидан сакраб туриб, “Салима Баҳодировна, илтимос, дарсга кирганингизда фақат графикани ўқитинг, бошқа гап гапирманг”, деди ва уларга қараб ялтоқланиб қўйди. Йиғилганлар бирин-кетин хонани тарк этди. Энди ўйлаб қарасам, ўшанда пойтахти азимдан қайта қуриш ҳавосидан обдон тўйиниб, миллий ғоя билан қуролланиб келган мен, синчалакдек ёш педагог, бу ердаги муҳитдан хабарим йўқ, ўзимга етгунча тетиклик билан тил – миллатнинг қалби эканлиги,ўзбек тилининг мавқеини кўтариш ҳар бир зиёлининг виждон иши эканлиги ҳақида эмин-эркин, тўлиб-тошиб гапирган эканман.

Хуллас, шу кундан бошлаб конбошқармада “Шубҳали шахс”га айландим. Ана энди ҳамма мени кузатадиган бўлди. Бироқ, менинг юрагимда қўрқув йўқ эди. Мен ҳеч қандай ножўя гап қилмаганимни, менинг гапларим ўша пайтлар телевидение ва матбуотда айтилаётган гаплар эканлигини, асосийси менинг ортимда “Давлат тили ҳақидаги” қонун борлигини яхши билардим. Бунга ўхшаш воқеалар кейинги ҳаётимда ҳам кўп бўлди.

Ўша пайтлар Зафарободдаги ҳамма болалар боғчалари рус тилига ихтисослашган эди. Бу мени жуда таажжублантирарди. Бунинг устига ўзбекча мулоқотга ўрганган тўрт ёшли ўғлим боғчага умуман кўникмасди. У ҳар тонг боғчага боришни истамасдан, йиғлаб дилимни қон қиларди. Чунки ўзбекона муомала ва таомилларга ўрганган болага бу муҳит умуман бегона эди. Бу орада қизим туғилди. Мен қизимни шарқона таълим-тарбия топишини жуда-жуда хоҳлардим. Шунинг учун боғчаларда ўзбек гуруҳлари ташкил қилиш таклифи билан чиқдим. Бу таклифим албатта кўпчиликка ёқмади. Мен ҳам бўш келмадим. Боғчаларда ота-оналар йиғилишлари ташкил қилдим. Уларга бола авваламбор, ўз она тилида гапиришни ўрганиши, кейин бошқа тилларни ўзлаштириши осон кечишини тушунтиришга ҳаракат қилдим. Хуллас, 1997 йилнинг сентябрь ойида Зафарободдаги 2-сонли болалар боғчасида биринчи марта ўзбек тили гуруҳи ташкил топди. Мен ҳаммага ўрнак сифатида қизимни ушбу гуруҳга бердим.

Нозима боғчага ўйнаб-кулиб борар, она тилида бийрон-бийрон шеърлар айтарди. У болалигидан эмин-эркин ва фаол бўлиб ўсди. Кейинчалик рус ва инглиз тилларини ҳам ўрганди. Мактабда ҳам аъло баҳоларга ўқиди. “Зафаробод” маҳаллий телевидениеда “Тафаккур гулшани” муаллифлик кўрсатувини олиб борди. Бугунги кунда у Навоий давлат педагогик институти магистранти. Йигирма уч ёшда институтнинг сиртқи бўлимларига бемалол дарс бераяпти. Нутқи равон, фикрларини аниқ-равшан баён қилади. Агарда рус боғчасига борганда у шунча ютуқларга эришиши амри маҳол эди.

Ён-атрофимдаги кўпчилик танишларим болаларини рус синфларига беришган. Мен болаларимни боғчада ўзбек гуруҳларида, мактабда ўзбек синфларида ўқитдим. Бугунга келиб бу ишимдан жуда хурсанд бўламан. Негаки, улар руҳи-жони билан, туриш-турмуши, онгу шуури билан ўзбек бўлиб улғайишди. Бежизга “Тил - миллатнинг қалби", дейишмайди. Балки, болаларим ўзга тилларни мукаммал билишмас. Бироқ, ўз она тилини жуда яхши билишади, ўзбекона таомилларни қадрлашади, келгусида болаларига шарқона таълим-тарбия беришади.

Ўғлим билан бир-биримизни руҳан тушунамиз, у мен ўқиган бадиий китобларни севиб ўқийди, фикр-мулоҳазаларини билдиради. Қизим билан дидимиз бир, дунёқарашларимиз яқин, фикрларимиз ҳамоҳанг. У мен ёқтирган мусиқаларни мириқиб тинглайди, мени ёзганларимни заргарона таҳрир қилади. Нозимани тадбирлардаги чиқишларини кўрганлар, унинг сўзлаши, гапириш оҳанги, ўзини тутиши худди ўзимга ўхшашини таъкидлашади. Шундай лаҳзалар мен дунёларга сиғмай кетаман. Мана буни чин оналик бахти, дейиш мумкин. Фарзандларини рус мактабларига берган оналар бу бахтни туёлмайдилар. Дилбандлари билан юрак-юракдан суҳбат қуриб, роҳатланмайдилар. Она-бола орасида қандайдир кўринмас жарлик бўлади. Негаки, тилда руҳ бўлади. Ўзга тилда ўқиган болага ўша миллат руҳи сингиб қолади. Мен буни ҳаётда кўп кузатганман. Тўғри, менинг болам рус мактабларда ўқиган болалар эришган ютуқларга эриша олмагандир. Нуфузли олийгоҳларни битирмагандир. Лекин нима бўлганда ҳам, у менинг болам, ўзимнинг болам, ўзбек боласи!!!

Ҳа, азизларим, тил – миллатнинг қалби. Ўз она тилини билмаган боладан шарқона одоб-ахлоқ, ўзбекона хулқ-атвор кутманг. Болам ўзимники бўлсин, десангиз уни ўз тилингизда ўқитинг. Она тилини яхши билган, яхши таълим-тарбия олган боланинг бошқа тилларни ҳам ўзлаштириб олиши осон кечади. Сўзимни фозила онамиз Турсуной Содиқованинг қуйидаги ширин сатрлари билан якунлашни лозим топдим:

Истасанг ўнта тилда сўйлагин булбулдайин,
Аввало ўз тилгинангнинг хизматин қил қулдайин.
Сўйласанг ўзбекчада бўйлар таратсин гулдайин,
Нозик ўлсин қилдайин, изҳор этарда дилдагин.
Ўзлигингни аввал уқ, ўзбеккинамнинг боласи.

Салима ХОЛДОРОВА,
Навоий кон-металлургия комбинати музейи раҳбари.