Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
"Аввалига ишонмадим..."
13:41 / 2021-09-29

Бир неча йил олдин болаликдаги хасталик сабаб шифокорлар икки оёғимни ҳам кесишганди. Оёқларимдан ажралгач, бир муддат ногиронлик аравачасида ўтирдим. Аммо, бир умр ҳаракатсиз ногиронлик аравасида ўтиришни тасаввур қилолмадим. Оёқларим бўлмаса ҳам, қўлларим борку, дея ўзимда жасорат топиб, уй юмушларини бажара бошладим. Бугун рўзғор ишларининг барчасини ўзим бажара оламан. Сигир соғаман, уй тозалайман, ош қиламан, ҳатто хамир ёйиб, турли мазали таомлар, салатлар тайёрлайман.

Мен тикувчилик ҳунари ортидан пул топаман. Бешик анжомлари, кўрпа-тўшак, ёстиқ, болалар кийимлари тикаман. Пахта йиғим-терими мавсумида пахта завод билан шартнома тузиб, этак тикиб бераман.

Кейинги йилларда ногиронлиги бўлган, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга алоҳида эътибор қаратилиб, улар уй-жой, иш билан таъминланаётгани туфайли менга ҳам 2017 йилда туманимиз марказида қурилган кўп қаватли уйлардан икки хонали хонадон имтиёзли кредит асосида берилганди.  

Уйнинг бошланғич тўлови ҳукуматимиз томонидан тўланди. Кредитнинг қолган қисмини тикувчилик қилиб, ўзим пул топиб тўлаяпман. Бунинг учун туман ҳокимлиги томонидан замонавий тикув машинаси совға қилинганди.

Бу йил Мустақиллик байрами менинг ҳаётимда ўчмас ич қолдирди. Байрам арафасида ҳурматли Президентимиз томонидан «Жасорат» медали билан тақдирландим.  

Очиғи, бундай мукофотга лойиқ кўриламан, деб ўйламаган эдим. Бошида ишонмадим. Ҳаяжонланганимдан йиғлаб ҳам юбордим.

"Меҳнатнинг таги роҳат", деб бекорга айтишмаган экан. Барча ютуқларимга меҳнатим, ҳаракатим сабаб келган барокот билан эришдим.  

 

Соҳиба ҚУВОНОВА,

Самарқанд вилояти, Нарпай тумани