Президентимизнинг Олий Мажлисга мурожаатномаси жорий йилнинг 20 декабрь куни бўлиб ўтди. Унда мамлакатимиз тараққиётига дахлдор бир қатор муҳим масалалар кўтарилди. Долзарблиги жиҳатидан уларнинг қай бири бирламчи эканлигини ажратиш мураккаб. Бинобарин, халқимизнинг талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда баён этилган олти йўналишнинг ҳар бири Ўзбекистон истиқболини белгилайди.
Президентимизнинг Олий Мажлисга мурожаатномаси билан чиқиш анъанаси илк бор 2017 йил декабрь ойида жорий этилган бўлиб, ушбу Мурожаатномаларда кўтарилган масалалар ҳар йили жамоатчилик эътиборини тортиб келмоқда. Ривожланган демократик давлатларда бундай амалиёт мавжуд. Мисол учун, АҚШда ҳар йили Президентнинг Конгрессга мурожаат қилиши одат тусига кирган. АҚШнинг биринчи Президенти Жорж Вашингтон 1790 йил Парламентга илк марта мурожаат йўллаган. Худди шу каби амалиёт Россия Федерациясида ҳам мавжуд. Президент ҳар йили Федерал Мажлисга мурожаат йўллайди. Мамлакат раҳбарларининг Парламентга мурожаат йўллашидан мақсад давлатларнинг муайян муддат давомидаги тараққиёт йўналишини белгилаб, ушбу йўналишларни қонуний нормалар орқали амалиётга татбиқ этишдан иборатдир. Парламентга мурожаат шунчаки давлат раҳбарининг нутқи ва “қандайдир имтиёзлар” ваъдаси эмас. Унда мамлакат тараққиёти йўналиши, унинг иқтисоди ва албатта, асосий вазифа – фуқаролар фаровонлигини ошириш ҳал қилиниши керак.
Президентимизнинг бу йилги мурожаатномасида бош ғоя сифатида “Аввал – инсон, кейин – жамият ва давлат” ғояси илгари сурилди ҳамда уни Конституциямиз ва қонунларимизда ҳам мустаҳкамлаб, кундалик ҳаётимизга чуқур сингдиришимиз лозимлиги қайд этилди. Шу боис ўтаётган йилнинг мантиқий давоми сифатида, шунингдек, Ўзбекистонда олиб борилаётган давлат сиёсатининг марказида инсон ва унинг манфаатларини таъминлаш устувор вазифа эканлигини инобатга олган ҳолда, 2023 йилга юртимизда “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”, деб ном бериш таклиф этилди ва бу ташаббус қўллаб-қувватланди. Мурожаатномадан ўрин олган олтита йўналишдаги устувор вазифалардан дастлабгиси ихчам ва самарали давлат бошқарув тизимига ўтиш деб белгиланди. Сабаби қолган бешта йўналишдаги вазифаларни амалга оширишда замонавий давлат бошқаруви, тажрибали раҳбар кадрлар ва самарали менежмент керак бўлади.
Президентимиз олдинлари эътибордан четда қолиб, “йўқ бўлиб кетиш” арафасида бўлган соҳаларни “оёққа турғизиш” учун олти йил давомида янги вазирлик ва идораларни ташкил қилишга тўғри келганлигини, акс ҳолда ҳозирги ютуқларимиз бўлмаслигини таъкидлаб ўтди. Давлатимиз раҳбари томонидан эндиликда соҳадаги ютуқларимизни янада кенгайтириш ва ривожлантириш мақсадида “Қўл бошқаруви”дан – аниқ натижага ишлайдиган “Тизимли бошқарув”га ўтиш вақти келганлигини алоҳида белгилаб бердилар. Давлат бошқарув органларида бир-бирининг вазифа ва функцияларини такрорлайдиган ортиқча штатларнинг мавжуд эканлиги, марказлашув ўта даражада юқорилиги, бунинг оқибатида бугунги мураккаб масалаларга тўғри ечим топиши учун ортиқча вақт, куч ва ресурс сарфланаётганлиги оғриқли муаммоларимиздан бири эканлиги таъкидланди.
Ҳақиқатдан ҳам бугунги кунда вазирларнинг ҳукумат қабул қилаётган қарорларни тайёрлаш ва ҳаётга жорий этишдаги иштироки ва масъулияти етарли эмас. Энди вазирларнинг бундай эскича усулда ишлашига йўл қўйилмаслиги, эндиликда вазирларнинг ўз соҳаси бўйича узоқни кўзлаган аниқ ёндашувлари бўлиши лозимлиги қайд этилди. Шу мақсадда янги маъмурий ислоҳотлар тўғрисидаги фармон имзоланди. Бунда вазирликлар сони камайтирилиши, уларнинг иш услублари ҳам тубдан ўзгартирилиши белгиланди. Ўз соҳасининг чуқур билимдони бўлган, фидойи ва халқ дарди билан яшайдиган вазирларгина ишда қолиши таъкидланди.
Давлат хизматчилари сонини ҳам босқичма-босқич 30-35 фоизга камайтириш, бунда албатта, чуқур ўйлаб қарор қабул қилиш, давлат хизматчилари сонини оптималлаштиришда бир-бирини такрорлайдиган вазифаларни бажараётган лавозимларни бирлаштиришга ва ушбу лавозимда энг муносиб, фидойи, халқига садоқатли ходимни меритократия тамойили асосида ишда олиб қолиш чораларини кўриш талаб этилади. Бунда таниш-билишчилик, маҳаллийчилик, коррупция каби салбий иллатларга асосланиб эмас, балки ходимнинг билими ва салоҳиятига таяниб қарор қабул қилиниши лозим. Ходимлар сонини оптималлаштириш орқали иқтисод қилинган маблағлар ижтимоий соҳани ривожлантиришга йўналтирилиши белгиланди.
Президентимиз ўз нутқида бу йил “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги янги қонунни қабул қилинганлигини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтди. Ушбу янги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат барча давлат фуқаролик хизматчилари учун дастуриламал бўлиб хизмат қилиши, 36 миллиондан зиёд халқнинг кайфиятига бевосита таъсир кўрсатадиган қонун, десак муболаға қилмаган бўламиз. Зеро, ушбу қонунда давлат фуқаролик хизматчиси ҳуқуқий мақоми, давлат фуқаролик хизмати тушунчаси, унинг тизими, хизматга кириш, уни ўташ, хизматни тугатиш, рағбатлантириш ва интизомий чоралар белгилаш, малака даражалари бериш, давлат фуқаролик хизматчиларининг меҳнатига ҳақ тўлаш, фаолият самарадорлигини баҳолаш каби нормалар ўз аксини топди.
Қонунга мувофиқ, бундан буён барча давлат фуқаролик хизмати лавозимларига фақат танлов асосида ишга қабул қилиниши мустаҳкамланди. Бу меъёр давлат бошқарув органларига ишга қабул қилишда адолат, шаффофлик ва тенглик тамойиллари ўрнатилишига асос бўлади. Бундан ташқари, барча раҳбарлар фаолияти самарадорлик кўрсаткичлари асосида баҳолаб борилиши белгиланди. Давлат бошқарув органларига истиқболли кадрларни тайёрлаш мақсадида “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали ҳар йили 500 нафар мутахассисни энг нуфузли хорижий олийгоҳ ва марказларда ўқитиш вазифаси топширилди.
Президентимизнинг бу йилги мурожаатномасида белгилаб бериладиган вазифалар ҳар бир раҳбарнинг йил давомидаги асосий иш режаси ҳамда мамлакатни ривожлантиришдаги асосий “йўл харита”си бўлади.
Хуршид Назаров,
Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Самарқанд вилояти филиали раҳбари ЎзА.