Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Автотранспорт воситаларини зарарсизлантиришнинг қулай усули
20:19 / 2020-03-30

Юқори қисмига ёниб ўчувчи чироқлар ўрнатилган янги қурилма ҳайдовчиларни анча олисдан огоҳлантирмоқда.


Тошкент-Термиз халқаро аҳамиятга эга М-39 автомобиль йўлининг Жиззах вилояти ҳудудидан ўтувчи қисмидаги 1015-километрида бундан икки йил аввал тугатилган собиқ “Сангзор-15” йўл патрул маскани ўрнида дарвоза шаклида янги қурилма пайдо бўлди. Юқори қисмига ёниб ўчувчи чироқлар ўрнатилган янги қурилма ҳайдовчиларни анча олисдан огоҳлантирмоқда.

Автотранспорт воситаларини коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши дезинфекция қилувчи бу янги инновацион қурилмани Жиззах вилояти ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси мутахассислари маҳаллий тадбиркорлар билан ҳамкорликда яратди. Қурилма орқали коронавирус карантини даврида қатновга махсус рухсатномаси бўлган транспорт воситалари қўл меҳнатидан фойдаланмасдан анча тез ва сифатли зарарсизлантирилмоқда.

Бунинг учун ҳар қандай ҳажмдаги ва маркадаги машина “дарвоза”дан ўтиши кифоя. Қурилмага қувурларидаги тешикчалардан катта куч билан отилиб чиқаётган дезинфекцияловчи модда транспорт воситасининг барча қисмлари етиб боради.

Маълумки, коронавирус инфекцияси карантини даврида турли зарур маҳсулотларни ҳудудларга узлуксиз етказиш ҳаётий муҳим вазифалардан ҳисобланади. Шу боис юк ташувчи транспорт воситаларини тез, ишончли зарарсизлантириш жуда муҳим.

– Айниқса катта ҳажмдаги юк машиналарни қўлда дезинфекциялаш кўп вақт талаб этади, – дейди вилоят йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси инспектори Аббос Дадашев. – Янги қурилма баланд машиналарни устига чиқмасдан, етиб бўлмайдиган қисмларига қийналмасдан дезинфекция қилиш имконини беради. Бу иш қўлда бажарилганига қараганда тез, сифатли бажарилади. Натижада ўтказиш постида тирбандлик юзага келмайди.