Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Автотранспорт соҳаси жадал ривожланмоқда
20:09 / 2016-07-29

Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлигининг жорий йил биринчи ярмидаги фаолияти якунларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлигининг жорий йил биринчи ярмидаги фаолияти якунларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги бошлиғининг ўринбосари Ш.Шоваҳобов ва бошқалар истиқлол йилларида Президентимиз раҳнамолигида иқтисодиётимизнинг барча тармоқлари, хусусан, автотранспорт хизматлари соҳасида ҳам бозор муносабатлари ва соғлом рақобат муҳитини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Соҳада кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш ва уларнинг турини кенгайтиришда бозор механизмларини мустаҳкамаш муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Хусусан, сўнгги 15 йилда йўловчи ташиш йўналишлари сони қарийб 2,3 мингдан зиёд кўпайиб, бугунги кунда 4,3 мингдан зиёдни ташкил этмоқда.

Йўловчи ташиш йўналишларини жойлаштириш бўйича очиқ тендер танловлари ўтказилаётгани автомобиль транспорти хизматлари бозорида рақобат муҳитини шакллантириш ва барча ташувчиларга тенг шароит яратишга хизмат қилмоқда. Ҳисобот даврида 72 очиқ тендер танлови ўтказилиб, 1 мингдан зиёд йўловчи ташиш йўналиши жойлаштирилган.

Лизинг компаниялари, банк кредитлари ва ташувчиларнинг сармоялари ҳисобига янги автобус ва юк ташиш автомобиллари сотиб олинмоқда.

– Жорий йилнинг биринчи ярмида агентлик кўмагида тадбиркорлик субъектлари томонидан Самарқанд автомобиль заводида ишлаб чиқарилган «Исузу» русумли 240 янги автобус сотиб олинган, – дейди Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги бўлим бошлиғи Т.Жамолхўжаев. – Бунинг самарасида 300 янги иш ўрни яратилиб, 23 та янги йўловчи ташиш йўналиши ташкил этилди.

Тадбиркорлик субъектлари томонидан ёнилғи маҳсулотларини тежаш ва йўловчи ташиш рентабеллигини оширишга қаратилган турли тадбирларга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, йил бошидан буён 270 дан зиёд автобус газда ишлаш бўйича қайта жиҳозланди.

Ҳисобот даврида агентлик томонидан Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ва Давлат солиқ бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида йўлларда 2,3 мингдан ортиқ қўшма рейд ўтказилиб, уларда 18,5 мингдан зиёд ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланган. Мазкур ҳолатларнинг аксарияти лицензиясиз фаолият кўрсатиш билан боғлиқ.

Дарё транспорти соҳасига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бугунги кунда агентликнинг Дарё кемачилиги регистри ва кемачилик инспекцияси томонидан 218 та дарё транспорти воситаси ва 3 та понтон кўприк кема реестрга киритилган. Кема қатнайдиган сув йўлларининг ҳолати, габарит ўлчамлари таъминлангани ва навигация белгилари билан жиҳозланганини назорат қилиш ишлари йўлга қўйилган.

Тадбирда таъкидланганидек, жорий йилда агентлик томонидан муҳим ижтимоий лойиҳа амалга оширилди. Агентлик «Соғлом она ва бола йили» Давлат дастури ижроси доирасида Гулистон шаҳрининг «Тараққиёт» маҳалласини ободонлаштиришга ҳомийлик ёрдами кўрсатди. Бу ерда замонавий болалар майдончалари, футбол стадиони барпо этилиб, кўчалар ободонлаштирилди.

Матбуот анжуманида журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди.