Тошкент шаҳрида Санoат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси томонидан автотранспорт воситаларига ўрнатиладиган газ баллонлар бўйича янги ахборот-назорат платформаси тақдимоти ўтказилди.
Тадбирда республика бўйлаб фаолият юритувчи газ баллон ўрнатувчи ва синовдан ўтказувчи ташкилотлар раҳбарлари ҳамда масъул ходимлари иштирок этди.

Қўмита раҳбарларининг таъкидлашича, платформа жорий этилиши билан автотранспортлар учун газ баллонлар бўйича ягона электрон реестр юритиш, QR-код орқали идентификация қилиш ва электрон паспорт шакллантириш имкониятлари яратилди. Шу билан бирга, у масъул идоралар ахборот тизимлари билан интеграциялаштирилиб, газ баллон ўрнатувчи ташкилотларнинг фаолияти рақамлаштирилмоқда. Синов жараёнлари фотофиксация қилиниб, ҳужжатлар электрон шаклга ўтказилмоқда.

Платформа натижасида автотранспортдаги газ баллонлар ҳолати SafeRoad ва Road24 каби мобиль иловалар орқали онлайн мониторинг қилиниши ҳам мумкин. Бу эса фаолиятни тезкор, қулай ва коррупциядан холи муҳитда ташкил этишни таъминлайди.
Қўмита ахборот хизматига кўра, ҳозирги кунда республикамизда 3 миллиондан ортиқ автотранспорт воситаларига газ баллонлар ўрнатилган. 300 га яқин синовдан ўтказувчи ташкилотлар фаолият юритади ва 4 та маҳаллий ишлаб чиқарувчи ва 20 га яқин импортёр мавжуд.

Тақдимотда платформа имкониятлари ҳақида амалий мисоллар ҳам намойиш этилди. Унда таъкидланганидек, қўмита бу платформа орқали саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги соҳасида давлат назоратини такомиллаштириш, ахборот технологияларини кенг жорий этиш ва фаолиятни янги сифат даражасига олиб чиқишни мақсад қилиб қўйган.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА