Ижтимоий тармоқларда бугун эрталаб “Водий – Тошкент” йўлида юк автомобиллари иштирокида содир бўлган йўл транспорт ҳодисаси видеолари тарқалди. Мазкур ҳолат Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси ЙҲХБ ходимлари томонидан дастлабки суриштирувлар ўтказилиб, муносабат берилди.
Унга кўра, бугун соат тахминан 10:30 ларда 1991 йили туғилган ҳайдовчи, А.Ш. бошқарувида бўлган “OHANGARONSEMENT” АЖга тегишли “HOWO” русумли махсус юк автомашинаси (тиркамаси билан) Олмалиқ – Тошкент автомобиль йўлининг Юқори Чирчиқ тумани ҳудудидан ўтган 28 километр қисмида ўзи билан бирга шу йўналишда келаётган ҳайдовчи 1996 йили туғилган И.Б. бошқарувида бўлган “SANY SEMI TRILER TRACTOR” русумли юк автомашинасига (тиркамаси билан) урилган. Натижада катта йўлда бошқа автотранспорт воситаларининг одатдаги ҳаракат қатновига таъсир кўрсатган.
Шунингдек, иккала транспорт воситаларига техник шикаст етган. Воқеада тан жароҳати олганлар йўқ. Ҳозир ҳолат юзасидан Юқори Чирчиқ тумани ИИБ ЙҲХБ ходимлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
А. Мусаев, ЎзА мухбири