22 сентябрь жаҳон миқёсида “Автомобилсиз кун” сифатида нишонланади. Бу сана шаҳарларда ҳаво ифлосланишини камайтириш, экологик барқарорликни таъминлаш ва аҳолини соғлом турмуш тарзига чорлаш мақсадини кўзлайди.
Ташаббус дунё бўйлаб кенг қўллаб-қувватланиб, турли жамоатчилик ва ташкилотлар амалий ҳаракатлар билан қатнашади.
“Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти раҳбарияти ва ходимлари ҳам ташаббускорлик кўрсатиб, мазкур экологик акцияда фаол иштирок этди.

Жамиятнинг марказий аппаратида фаолият юритувчи кўплаб ходимлар иш жойига пиёда, велосипед ёки жамоат транспортларидан фойдаланиб келишди.
Бундай ташаббус нафақат атроф-муҳит муҳофазасига, балки жисмоний фаолликни оширишга ҳам хизмат қилади. Ходимлар бу кунни соғлом ҳаёт тарзи, экологик маданият ва жамоавий масъулият ҳақида ўйлаш учун яна бир имконият сифатида қабул қилдилар.

Жамият раҳбарияти ушбу тадбирни жорий йилда илк бор ташкил этган бўлса-да, уни келгусида ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиш ниятида. Ташкилот экологик барқарорлик ва ижтимоий масъулият масалаларига доимий эътибор қаратиб келади ҳамда бу каби ташаббуслар унинг корпоратив маданиятида муҳим ўрин тутади.
–“Ўзкимёсаноат”да экологик барқарорлик ва ижтимоий масъулият доимий устувор йўналишлардан бири ҳисобланади. “Автомобилсиз кун”да иштирок этиш туфайли биз нафақат атроф-муҳит муҳофазасига ҳисса қўшамиз, балки жамоада соғлом турмуш тарзини шакллантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратамиз. Бу каби ташаббусларни биз келгусида ҳам анъанавий тарзда давом эттирамиз, – деди жамият ахборот хизмати раҳбари Ҳожиакбар Тўлаганов.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА