Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Автомобиль йўлларига сиртқи ишлов беришда Андижон тажрибаси
17:13 / 2024-06-06

Автомобиль йўлларининг ҳолати транспорт ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, тирбандликларнинг олдини олиш, ҳайдовчи ва пиёдаларга қулайлик яратиш, қолаверса, ҳудуднинг ривожида муҳим аҳамият касб этади. Ана шундан келиб чиқиб, умумфойдаланувдаги автомобиль йўлларини таъмирлаш, сифати ва инфратузилмасини яхшилаш борасида кейинги йилларда Андижон вилоятида эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда.

Маълумки, автомобиль йўлларининг нотекис ҳолга келишига асосан ёғингарчилик, ёмғир сувларининг йўл устида тўпланиб қолиши, оғир вазндаги транспорт воситаларининг ҳаракатланиши сабаб бўлади. Бундан ташқари, қуёш нури ҳам асфальт сиртқи қатламининг мўртлашиши, емирилишига олиб келади.  

Андижон вилояти автомобиль йўллари бош бошқармаси мутахассислари ташаббуси билан умумфойдаланувдаги автомобиль йўллари фойдаланиш муддатини узайтириш, ётқизилган асфальт қопламаси сифатини узоқроқ сақлаш мақсадида йўлларда юзага келган нотекисликлар, чуқур-чаноқларни бартараф этиш бўйича автомобиль йўлларига сиртқи ишлов бериш, яъни махсус қоплама билан қоплаш ишлари олиб борилмоқда.  

Андижон тажрибаси сифатида амалга оширилаётган ушбу амалиёт мутахассислар томонидан ижобий баҳоланмоқда.  

– Йўлнинг сифати, чидамлилиги ва ёпишқоқлигини оширувчи автомобил йўли сиртига қўлланилаётган ушбу қоплама аввалги чуқур ва емирилишларни таъмирлашдаги эски усулдан кўра анча самаралидир, – дейди Андижон вилояти автомобиль йўллари бош бошқармаси бошлиғи Мирзоҳид Нурматов. – Қоплама сиртқи ишлов жараёнида таъмирталаб автомобиль йўли устига сочилади ва махсус техника (автогрейдер) ёрдамида текисланади. Қоплама йўлнинг қатнов қисмидаги ёриқларга елимдек ёпишади. Натижада йўлнинг сифатли ҳолати сақланиб қолади, автомобилларнинг эркин ва қийинчиликсиз ҳаракатланиши таъминланади.  

Айни кунга қадар автомобиль йўлларининг сиртқи қисмига ишлов бериш ишлари Олтинкўл тумани ҳудудидан ўтувчи давлат аҳамиятидаги 4Р-112 "Фарғона халқа йўли", Андижон шаҳри ҳудудидан ўтувчи маҳаллий аҳамиятга эга 4К91 А, шунингдек, Марҳамат тумани ҳудудидан ўтувчи давлат аҳамиятидаги 4Р-138 "Шаҳрихон-Асака-Марҳамат-Қизилқия" автомобиль йўлининг 38-39 километр қисмида, “Андижон-Хўжаобод” автомобиль йўлларида Олтинкўл, Андижон, Асака, Марҳамат ва Хўжаобод туманлари йўллардан фойдаланиш давлат муассасаси йўлсозлари томонидан амалга оширилди.  

[gallery-17737]

Автомобиль йўлларига ташқи ишлов бериш жараёнлари вилоятдаги бошқа қатор йўлларда ҳам режа асосида олиб борилмоқда. Бундан кўзланган мақсад, энг аввало, йўллар сифатини янада яхшилаш, йўллардан фойдаланиш, яъни эксплуатация муддатини янада узайтириш, таъмирлаш харажатларини камайтириш ҳамда транспорт воситаларининг хавфсиз ҳаракатини таъминлашдир.  

Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари