Эълонларга кўз югуртирар эканмиз, улар замирида баъзан ғаразли мақсад, шум ният яширингани хаёлимизга ҳам келмайди. Аммо фарғоналик бир йигит OLXдаги эълон туфайли ўз ҳаётини хавф остида қолдирди.
Автоэълонлар рукнидаги арзон нархдаги “Дамас” русумли машина йигитнинг эътиборини тортган эди. Чунки, ўзи уста бўлгани учун ҳам аварияга учраган бу уловни таъмирлаб олишни ўйлаганди.

Шу мақсадда у эълон эгасига қўнғироқ қилади. Тошкент шаҳрида яшовчи фуқаро қўнғироққа жавоб берар экан, машина ўзиники эканлиги, сотишга тайёрлигини билдиради. “Олмоқчи бўлсангиз 100 доллар закалат пулини картамга ташлаб беринг”, дейди у.
Шу тариқа, фарғоналик Д.М. тошкентлик А.Б.нинг картасига 1,2 миллион сўмдан кўпроқ пулни ўтказиб беради. Бир неча кун ўтиб харидор “Дамас”ни қонуний сотиб олиш учун пойтахтга келади.
Аммо иш харидор ўйлаганчалик осон кечмайди. Чунки, сотувчи турли баҳоналар билан олди-сотди ишини орқага суради. Энг ёмони, “Дамас” аслида унга тегишли эмас эди.
А.Б. синфдошининг илтимосига кўра “Дамас” сотилиши ҳақидаги эълонни OLX тармоғига жойлаган. Лекин ўртоғи фикридан қайтиб, эълонни ўчириб ташлашни сўраганига қарамай, А.Б. негадир эълонни ўчирмаганди...
Харидорнинг катта пул билан келгани А.Б.нинг оромини ўғирлаб, босқинчилик йўли билан пулларни қўлга киритиш режасини тузади.
– Ғаразли мақсад эндигина 20 ёшга кирган бир йигитни жиноят йўлига бошлаган, - дейди Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани суди судьяси Сарвар Мамадиев. – Ҳали бир ишнинг бошини тутмаган, ишсиз бўлган фуқаро А.Б. қандай бўлмасин бировнинг пулини қўлга киритишни ўйлагани уни катта ҳаёт йўлининг бошидаёқ қаттиқ адаштирди. Чунки, у автомобиль сотиб олиш учун ўзи билан 4,5 минг АҚШ доллари миқдоридаги пул билан келган харидор Д.М.ни қасддан ўлдиришни мақсад қилган.
Улар Чилонзор тумани Бектўпи маҳалласида жойлашган автотураргоҳда учрашади. Шу ерда ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, А.Б. ўзи билан олиб келган ошхона пичоғи билан Д.М.га ҳужум қилади. Баданининг турли соҳаларига бир неча бор тан жароҳати етказади. Д.М. унга қаршилик кўрсатиб, ёрдам сўраб бақиради. Шуда автотураргоҳ қоровулининг воқеа жойига келиб қолгани туфайли А.Б. жиноий ҳаракатини охирига етказа олмайди ва воқеа жойидан яширинади.
Тан жароҳатлари олган Д.М. зудлик билан шифохонага олиб борилган. Унга малакали тиббий ёрдам кўрсатилиши натижасида ҳаёти сақлаб қолинган.
Судга оид тиббиёт экспертизасининг хулосасига кўра, Д.М.нинг танасида ўткир санчиб-кесувчи жисм таъсирида бир неча жароҳатлар етказилгани тасдиқланди. Умуман, унга ўртача оғир тан жароҳатлари етказилгани аниқланган.
Судланувчи А.Б. суд мажлисида айбига қисман иқрорлигини билдирди.
Суд судланувчи А.Б.нинг жиноят содир этишдаги айби, ўзининг айбига қисман иқрор бўлиб берган кўрсатуви, жабрланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатувларидан ташқари, тарафларнинг розилиги билан суд мажлисида ўқиб эшиттирилиб, текширилган гувоҳларнинг дастлабки тергов даврида берган кўрсатувлари, тушунтириш хатлари, ҳодиса содир бўлган жойни кўздан кечириш, ашёни олиш, кўрсатмаларни ҳодиса жойида текшириш, нарсани кўздан кечириш, юзлаштириш, нарсани таниб олиш учун кўрсатиш, шахсни таниб олиш учун кўрсатиш баённомалари, судга оид тиббий, криминалистика, биологик экспертизаларининг хулосалари, нарсани ашёвий далил деб топиш тўғрисидаги қарор ҳамда жиноят иши бўйича барча тўпланган, текширилган, ишга алоқадорлиги, мақбуллиги ва ишончлилиги нуқтаи назаридан баҳоланган далиллар билан тўлиқ исботланди, деб топди.
Суд А.Б.га нисбатан жазо тури ва миқдорини тайинлашда унинг хатти-ҳаракатларида Жиноят кодексининг 56-моддасида назарда тутилган жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар мавжуд эмаслигини инобатга олиб, айбига қисман иқрор бўлиб, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар деб баҳолади.
Суд А.Б.ни Жиноят кодексининг 25,97-моддаси 2-қисми “и” банди, 168-моддаси 1-қисми ва 164-моддаси 2-қисми “а,в” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли, деб топди. > А: Унга Жиноят кодексининг 59, 61-моддалари тартибида, тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил ўташ учун 15 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Тайинланган жазо умумий тартибли колонияларда ўталиши қайд этилди. А.Б.га нисбатан қўлланилган “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси аслича қолдирилди.
Бу воқеа қинғир ишнинг оқибати яхши бўлмаслигининг яна бир исботидир. Бундан хулоса чиқариш зарур. Ҳалол яшаш, меҳнат қилиб пул топиш – энг тўғри йўл эканини англаш керак.
Норгул Абдураимова, ЎзА