Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Автомобиль саноатида ишлаб чиқариш ҳажми 1 миллионтага етказилади
14:13 / 2024-06-11

Кейинги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар Ўзбекистонда саноатнинг ривожланишида муҳим аҳамият касб этади.

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти бош мутахассиси Эльвира Бикеева бу каби ижобий ўзгаришларни қуйидагича изоҳлайди:  

–Илмий муассасамиз экспертлари 2017-2023 йилларда мамлакатимизда саноатни ривожлантиришга қаратилган иқтисодий ислоҳотлар қандай натижа берганини таҳлил қилди.  

Унга кўра, саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми 1,49 баробар ошган ва барча асосий тармоқларда ўсиш суръатига эришилган. Натижада ялпи ички маҳсулот таркибида саноатнинг улуши 21,1 фоиздан 26,1 фоизгача ошиб, саноат қўшилган қиймат бўйича хизмат кўрсатиш соҳасидан кейин иккинчи ўринни эгаллади.  

Таркибий ўзгаришларнинг энг яхши динамикаси саноат ўсишининг драйвери бўлган ишлаб чиқаришда кузатилди. Шу даврда саноатнинг мазкур тармоғида 1,6 маротабадан кўпроқ ўсиш қайд этилди. Электр ва газ таъминоти тармоғи (164,1 фоиз), шунингдек, тоғ-кон саноати ҳам (110,7 фоиз) жадал ривожланди.  

Таъкидлаш керакки, умумий ишлаб чиқаришда саноатнинг улуши 84,4 фоизни ташкил этади. Шу боис саноатни комплекс ривожлантиришга қаратилган дастурларнинг амалга оширилиши соҳанинг жадал ривожланишидаги муҳим омил бўлди.  

Бу каби кўрилган чора-тадбирлар натижасида ўрта ва юқори технологияли саноат тармоқларининг улуши 52,7 фоиздан 61,9 фоизга етди. Бу эса саноатни ривожлантиришда сифат ўзгаришларига эришилганидан далолат беради.  

Ички ва ташқи бозорда талабга эга бўлган кўплаб турдаги технологик маҳсулотларнинг барқарор ўсиш тенденцияси кузатилмоқда. Масалан, автомобиль двигателларини ишлаб чиқариш 2,9 баробар, қўрғошинли аккумуляторларни ишлаб чиқариш 1,6 баробар, енгил автомобилларни ишлаб чиқариш 2,9 баробар, совиткич ва музлаткичларни ишлаб чиқариш 3 баробар ошди.  

Бу даврда саноат республика экспорт даромадларининг ўсишига катта ҳисса қўшди. Экспортнинг умумий ҳажми 1,9 баробар ошиб, 24,4 миллиард АҚШ долларини ташкил этди. Рангли металлар экспорти билан бир қаторда машинасозлик ва тўқимачилик саноати ҳам ўсишига катта ҳисса қўшди. Машинасозлик маҳсулотлари экспорти 3,7 баробар (1,3 миллиард доллар), тўқимачилик маҳсулотлари экспорти 2,3 баробар (3,05 миллиард доллар) ошди.  

Саноат салоҳиятини янада ошириш юртимиз иқтисодиётида муҳим ҳисобланади. Шу сабабли, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида бу борада қатор чора-тадбирлар ва вазифалар белгиланган. Унга асосан саноатда қўшилган қиймат ҳажмини 45 миллиард долларга етказиш ва 2,5 миллионта юқори даромадли иш ўрни яратиш ҳисобига ялпи ички маҳсулот таркибида саноатнинг улушини 32 фоизга ҳамда экспорт географиясини кенгайтириш ҳисобига тайёр маҳсулот ва ярим тайёр маҳсулотлар ҳажмини экспортда 3,3 баробар ошириш кўзда тутилган.  

Шунингдек, автомобиль саноатида рақобат муҳитини яратиш ва ишлаб чиқариш ҳажмини 1 миллионтага етказиш, хомашёни қайта ишлашни чуқурлаштириш ва шу асосда юқори рентабелли мис маҳсулотларини 3,5 баробар, олтиндан тайёрланган маҳсулотларни 1,5 баробар, кумушдан ясалган буюмларни 3 баробар ва ишлаб чиқариш саноатида меҳнат унумдорлигини 2 баробар оширишга эришиш асосий омиллардир.  

 

ЎзА мухбири  

Насиба Зиёдуллаева  

ёзиб олди.