Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг Ўзбекистондаги автомобиль бозори динамикаси бўйича янгиланган таҳлилига кўра, сентябрь ойида енгил автомобиллар савдоси 84,6 минг донани ташкил этиб, август ойига нисбатан 6,4 фоизга камайган.
Энг катта пасайиш Сурхондарё ва Навоий вилоятларида, шунингдек, Тошкент шаҳрида қайд этилди.
Шу билан бирга, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида савдо ҳажмларининг ўсиши кузатилди.

Сентябрь ойида янги енгил автомобиллар сегментида фаолликнинг мавсумий тушиши кузатилиб, савдо ҳажми 15,2 фоизга камайиб, 31,9 минг донани ташкил этди.
Ушбу сегментда маҳаллий ишлаб чиқарилган янги енгил автомобиллар устуворликни сақлаб қолди — уларнинг сотуви 27,4 минг донани ташкил этиб, аввалги ойга нисбатан 16,1 фоизга камайди.
Хорижда ишлаб чиқарилган янги автомобиллар савдоси 4,5 минг донани ташкил этиб, август ойига нисбатан 8,9 фоизга камайди.
Сентябрь ойида иккиламчи енгил автомобиллар бозорида 52,6 минг дона машина сотилган бўлиб, бу ўтган ойга нисбатан атиги 0,1 фоизга камдир.
Сентябрь ойида 7,8 минг дона электромобиль сотилиб, бу август ойига нисбатан 21,6 фоизга кўпдир ва рекорд даражадаги кўрсаткич ҳисобланади.
Жорий йилнинг 3-чорагида сотилган енгил электромобиллар сони 20,7 минг донани ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,2 баробарга ўсган.
Энг юқори ўсиш Тошкент шаҳри, Тошкент ва Самарқанд вилоятларида кузатилди.
Моҳигул Қосимова тайёрлади, ЎзА