Пойтахтимизда соҳа мутасаддилари иштирокида мазкур санитар-гигиеник шохобчасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тошкент шаҳар Миробод тумани Локомотив кўчасида жойлашган ушбу шохобча эркаклар, аёллар ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар учун мўлжалланган ҳожатхоналар, ювиниш хонаси ҳамда ходимлар учун мўлжалланган хонадан иборат.

– Вазирлигимиз ташаббуси билан тадбиркорлик субъектларига замонавий санитар-гигиеник шохобчаларни қуриш учун 80-100 квадрат метр ўлчамда ер майдонларини электрон аукционга қўймасдан олиш имконияти яратилган эди, – дейди Маданият ва туризм вазирлиги бўлим бошлиғи Муҳайё Ҳайитова. – Мазкур имтиёз натижасида республика бўйича 150 дан ортиқ тадбиркорлик субъектларига замонавий санитар-гигиеник шохобчалар қуриш учун ер майдонлари ажратилди. Шу жумладан, Тошкент шаҳар ҳокимлигининг тегишли қарори билан Миробод тумани Локоматив кўчаси, 4-уй, 5-хонадон ёнидаги бўш турган ер майдони тадбиркор Камолиддин Донобоевга замонавий санитар-гигиеник шохобча қуриш учун берилди. Тадбиркор эса бугун барча қулайликларга эга, автоматлаштирилган, смарт режими асосида ишлайдиган шохобчани фойдаланишга топширди. Келгусида бундай шохобчаларнинг сонини янада ошириш, бошқа ҳудудларда ҳам куну тун ишлайдиган шохобчалар қуриш режалаштирилган.

Мазкур шохобчанинг асосий афзаллиги, унинг автомат режимда ишлаши ва энг замонавий санитар-гигиеник мосламалар билан жиҳозланганлигидадир. Қолаверса, бу ерда жисмоний имконияти чекланган, ногиронлиги бўлган шахслар, ёш болали ота-оналар учун ҳам шароитлар яратилган.

Маълумот ўрнида қайд этиш лозимки, мамлакатимизда 2017 йилда жами 200 та санитар-гигиеник шохобча фаолият юритган бўлса, 2022 йилга келиб уларнинг сони 7 минг 594 тага етди. Шулардан 3 минг 921 таси янги қурилган, 3 минг 673 таси эса қайта таъмирланиб, фойдаланишга топширилган.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА