Уларни олиб юрган шахс ўз вақтида буни ички ишлар органига топширганида пул мукофоти олар эди, аммо энди у жавобгарликка тортилиши аниқ.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан олиб борилаётган профилактик ишларга қарамай, турли қуролларга ноқонуний эгалик қилиш, уйда сақлаш, кўча-кўйда олиб юриш билан боғлиқ ҳолатлар учраб турибди.
Бундай ҳолатларга чек қўйиш, аҳоли хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ўқотар қурол ва унинг ўқ-дориларини тегишли органларга ихтиёрий равишда топширган шахслар рағбатлантирилмоқда.
Айтиб ўтиш керакки, Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 25 мартдаги «Рўйхатга олинмаган ўқотар қурол ва унинг ўқ-дориларини, портловчи материаллар ва портлатиш қурилмаларини ички ишлар органларига ўз ихтиёри билан топшириш ҳамда ўқотар қурол ва унинг ўқ-дориларини топширганлик учун тақдирлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Қарорга мувофиқ, жисмоний шахс ички ишлар органига ёки профилактика инспекторига мурожаат қилади. Қуролни ёки унинг ўқ-дориларини топширади. Шу куннинг ўзида ички ишлар органи уларни қабул қилиб олади ва ҳисобга олиб, квитанция расмийлаштиради.
Қурол ёки ўқ-дориларни ихтиёрий топширганлик учун БҲМнинг 5 дан 500 фоизигача миқдорда мукофот кўзда тутилган. Агар қурол шикастланган бўлса, мукофот миқдори икки бараварга камаяди.
Наркотиклар ва ўқотар қуролларни назорат қилиш агентлигидан маълум қилишларича, айни пайтда ўқотар қуроллар ноқонуний муомаласининг олдини олишга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Ички ишлар вазирлиги томонидан қурол ва ўқ-дориларининг ноқонуний муомаласининг олдини олиш ҳамда аҳоли томонидан уларни ихтиёрий равишда топширишга қаратилган комплекс тарғибот-ташвиқот ва тезкор-профилактик тадбирлари тизимли равишда ташкил этилмоқда.
Ўтказилган тадбирлар натижасида йил бошидан буён қуролни аниқлаб, ноқонуний муомаладан олиб қўйиш бўйича 181 ҳолат қайд этилган. Бу борадаги энг кўп ҳолат Тошкент шаҳри (56), Наманган вилояти (69) ва Фарғона вилояти (49)га тўғри келган.
Жумладан, Навоий вилоятида ўтказилган тезкор-қидирув тадбири давомида Ғиждувон туманида яшовчи Ҳ.Н. бошқарувидаги автомашина салонида ўнта ўрамга жойланган 500 дона патрон мавжудлиги аниқланди. Ушбу ҳолат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан расмийлаштирилиб, қонунни бузган шахсга жиноят иши қўзғатилди.
Шу билан бирга, маҳалла еттилиги ва фаоллар имкониятларидан самарали фойдаланган ҳолда, рўйхатга олинмаган қуроллар, уларнинг ўқ-дориларини ички ишлар органларига ихтиёрий равишда топшириш тартиби, қурол топширган шахсларни рағбатлантириш чоралари ҳақида аҳоли ўртасида кенг кўламли тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Йил бошидан буён ушбу йўналишда жами 319 тарғибот-ташвиқот тадбири ташкил этилди. Натижада январь ойидан буён 195 ҳолатда фуқаролар қурол ва ўқ-дориларни ихтиёрий равишда топширган.
Масалан, Сирдарё вилояти Ховос туманида яшовчи Г.С. ўз яшаш хонадонга қарашли молхона томининг нураган қисмини тозалаш жараёнида марҳум бобосига тегишли бўлган “ИЖ-58М” русумли, 16 калибрли, рақамсиз ов қуролини топиб, уни ўз ихтиёри билан туман ички ишлар бўлимига топширди.
Мазкур профилактик ва тарғибот тадбирлари республика бўйлаб изчил давом эттирилмоқда.
Норгул Абдураимова, ЎзА