Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Автоҳалокатга учраган оиланинг ҳолидан хабар олинди
19:12 / 2021-06-01

Наманган вилояти Наманган шаҳридаги Меҳнатобод маҳалласида истиқомат қилувчи Содиқжоновлар хонадони тақдирнинг оғир синовини бошидан кечиришга мажбур бўлди. Оила аъзолари билан автомашинада сафарга отланган Санобархон Убайдуллаева йўлда юз берган аянчли ҳалокат оқибатида бир кунда ҳам турмуш ўртоғидан, ҳам фарзандидан айрилди.

Автоҳалокатдан омон қолган яна бир қизи Моҳира Содиқжонованинг эса жисмоний ривожланиши суст кечмоқда. Маҳалла-кўй кўмагида қиз даволаниб келмоқда. Аммо у ҳозирда мустақил ҳаракатлана олмаяпти.

«Маҳалла» хайрия жамоат фонди Наманган вилояти бўлими томонидан 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан ташкил этилган йўқлов тадбири Моҳиранинг кўнглини хушнуд этиш, яхши кайфият улашишдан бошланди. Унга ногиронлик аравачаси, турли ширинликлар ва эсдалик совғалари тақдим қилинди.

– Энди фарзандим тоза ҳавода кўпроқ сайр қилиш имкониятига эга бўлди», – дейди Санобархон Убайдуллаева. – Қизимнинг юзидаги хурсандчиликни кўриб, тўғриси кўзимга ёш келди. Танаси бошқа дард билмас, дейдилар. Қаранг, унинг бугун юзи кулди.

Фонд саъй-ҳаракати билан «Темир дафтар» ва «Аёллар дафтари»да турадиган оилаларнинг фарзандларига қулай хордиқ чиқаришларини таъминлаш учун уларга «Афсоналар водийси» хиёбони ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғидаги аттракционлардан бепул фойдаланиш имконияти берилди. Шунингдек, музқаймоқ ва салқин ичимликлар улашилди.

Ҳомийларнинг ташаббуси билан вилоятдаги ногиронлиги бор ва даволанишга муҳтож болаларга байрам шукуҳини улашиш мақсадида уларнинг ҳаёти учун зарур бўлган ногиронлик аравачалари, реабилитация жиҳозлари, ширинликлар ва кийим-кечаклар тақдим этилди.

Хайрия тадбирлари натижасида 18 нафар ногиронлиги бор, узоқ вақтдан буён даволанаётган ва мактабларда якка тартибда таълим олаётган болажонлар ҳолидан ҳам хабар олинди.

Беғубор қалб соҳиблари дуога қўл очиб, юртимизга тинчлик тилади.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА