Автобусларда чиптасиз юрган йўловчиларга жарима қўлланилмоқда
Маълумки, аҳолига қулайлик яратиш мақсадида жамоат транспортида тўловлар электрон тизимга ўтказилди. Таассуфки, бундай қулайликнинг қадрига етиш ўрнига, қоидабузарлик қилаётган йўловчилар ҳам учраб турибди.
“Тошкент шаҳар йўловчи ташишни мониторинг ва назорат қилиш” давлат муассасаси назоратчилари томонидан автобусларда йўл ҳақини тўламасдан ҳаракатланаётган йўловчиларга қарши кучайтирилган рейд тадбирлари олиб борилмоқда.
Автобусларда чиптасиз юрган йўловчиларга нисбатан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 144-моддаси 5-қисмига асосан жарималар қўлланилмоқда. Ўтган ойда 11 минг 502 та маъмурий баённома расмийлаштирилди.
Унутмаслик лозимки, ислоҳотлар марказида аввало инсон қадри туради. Шундай экан, тараққиётимиз илдизига ўзимиз болта урмайлик.
Шербек Исломов, ЎзА