French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
​Вазирлар Маҳкамасининг “Тошкент шаҳар йўловчи транспорти тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди
17:49 / 2020-03-17

Вазирлар Маҳкамасининг “Тошкент шаҳар йўловчи транспорти тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори айни шу зарурат туфайли қабул қилинди.

Тошкентнинг бу нуқтасидан нариги бурчагига бориш учун баъзида учталаб жамоат транспортига ўтиришингизга тўғри келади. Боз устига, эрталаб ва ишдан қайтар маҳали автобусга чиқсангиз, салоннинг ё эшиги ё ойнасига қапишиб кетишга мажбурсиз. Яна денг, ҳозир пойтахтнинг турли чет манзилларида янги массивлар пайдо бўляпти. Мавжуд автобекатлар эса ўша жойлардан бир неча чақирим узоқ.

Буларнинг бари кун тартибига бир долзарб муаммони қўйди. Тошкентдай азим шаҳарда бу тизимини замон талаблари асосида йўлга қўйиш лозим! Вазирлар Маҳкамасининг “Тошкент шаҳар йўловчи транспорти тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори айни шу зарурат туфайли қабул қилинди. 

Ҳужжатда 2020 йил I чорак якунига кадар Тошкент шаҳрида метронинг Юнусобод метро йўналиши II босқичи (2,9 км), ер усти ҳалқа метро йўналишининг I босқичи (11,5 км) ҳамда 2020 йил якунига қадар Сергели йўналишининг I босқичи (5,8 км) фойдаланишга топширилиши белгилангани қувонарли ҳол. Қолаверса, жамоат транспортида йўловчи ташиш учун йўлкира ҳақи тўлашнинг автоматлаштирилган тизими жорий этилаётгани ҳам яхши янгилик. 

Бундан ташқари, 2020 йилда Тошкент шаҳрида 152 та йўловчи ташиш транспорт йўналиши қайта кўриб чиқилиб, 131 тасини оптималлаштириш, 14 тасини ёпиш ҳамда 7 та янги йўналишни очиш кўзда тутилаётган экан. Бу ҳам ажойиб ташаббус!

Яна бир муҳим гап. Қарорда белгиланишича, жорий йилнинг 1 майигача барча турдаги шаҳар йўловчи транспортида фойдаланиладиган ягона йўл чиптаси жорий этиляпти. Шунингдек, шу йил 1 октябрга қадар пойтахтнинг Фарғона йўли кўчасида тезкор автобус ҳаракати қатновини ташкил этиш режалаштирилган. Шу мақсадда махсус қатнов йўлаги тажриба тариқасида синовдан ўтказилади. Бунинг учун 20 та замонавий электробус ва уларни қувватлаш ускуналари харид қилиниши аҳоли учун катта қулайлик яратиши, шубҳасиз. 

Ва ниҳоят ривожланган давлатлардаги илғор тажрибалар бизга ҳам кириб келяпти. Вазирлар Маҳкамаси қарорига мувофиқ, 2020 йил 1 декабргача шаҳар автобуслари салонларида бекатларни автоматик равишда эълон қилиб бориш тизими жорий этилади. Худди метродаги сингари. Бу ҳам манзилдан адашмаслигингиз учун бир имконият. Шу билан бирга, йирик автобус бекатлари йўналишлар ва автобус етиб келиш вақтини кўрсатиб турувчи электрон-ахборот ҳаракати жадвали, таблолар билан жиҳозланар экан. Демак, энди менинг фалон рақамли автобусим қачон келаркан, деб кўп безовта бўлмайсиз. Таблода барчаси намоён бўлиб туради.

Хуллас, Тошкентда жамоат транспорти хизматидан барча мамнун бўладиган фурсат яқин. Ҳаммаси қарорда белгиланган устувор вазифаларнинг тўлақонли, сифатли ва ўз вақтида ижро этилишига боғлиқ.