Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Автобус қўйилгани бизни жуда қувонтирди”
18:27 / 2024-10-07

7-8 километр масофадан мактабга катта йўл ёқасидан қатнаётган ўқувчилар, қиш қировли кунларда дарсга ўз вақтида етиб бормаслик, яна шунча масофадан уйга қайтиш, чала ярим овқатланиб, чарчоқнинг зўридан эртанги кунги дарсга ҳам тайёргарлик кўра олмаслик, ота-оналарнинг хавотири...

Буларнинг бари Қашқадарё вилояти Миришкор тумани Помуқ шаҳарчасидаги 22-мактабга ҳудуддаги Янгиҳаёт маҳалласидан қатновчи ўқувчиларнинг кундалик муаммолари эди.  

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгилаб берилган вазифалар ижроси доирасида Барҳаёт маҳалласидан қатновчи ўқувчилар учун бепул автобусларнинг қатнови йўлга қўйилиши энг аввало ўқувчиларнинг ота-оналарини хурсанд қилди.  

– 22-мактабда набираларим ўқийди. 6-7 километрдан пиёда қатнаб ўқишарди, – дейди  Барҳаёт маҳалласи фаоли Рустам Ҳаққиев. – Фарзандларимизни эътиборга олиб, автобус қўйилгани бизни жуда хурсанд қилди. Маҳалламиздан 200 нафарга яқин ўқувчи қатнайди. Ота-оналар ҳам хавотирсиз ўтиради энди.  

– Фарзандларимиз узоқ масофадан қийналиб мактабга борарди, – дейди  Ўғилдўнди Андаева. –  Бир она сифатида уларнинг уйга эсон-омон етиб келиши доим хавотирга соларди. Мана автобуслар қўйилди. Бундан жуда хурсанд бўлдик. Икки нафар фарзандим мактабда ўқийди. Катта йўл ёқалаб қатнарди. Ҳозир эса кузатиб юборамиз ва қайтганда кутиб оламиз.Автобус бепул қатнаяпти. Бир сўм тўлаганимиз йўқ.  

Таъкидлаш лозимки, давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 21 февралдаги  “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”гт фармони иловасининг 6-бандида олис ва чекка ҳудудларда жойлашган умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари учун бепул автобусларни йўлга қўйиш белгиланган.  

[gallery-19634]

Вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси тақдим этган маълумотга кўра, тажриба-синов тариқасида Қашқадарё вилоятида ҳам 50 та умумий ўрта таълим мактабига олис ҳудудлардан қатнайдиган ўқувчиларнинг автобуслар билан мактабга қатновини аутсорсинг асосида ташкил этиш режа қилинган. 

Бугунги кунга қадар аутсорсинг асосида вилоятда жами бўлиб 23 та, яъни Ғузор туманига 4 та, Кўкдала туманига 6 та, Қарши туманига 2 та, Миришкор туманига 3 та, Косон туманига 8 та умумтаълим мактабларига автобуслар ажратилди. Бу борадаги ишлар босқичма-босқич давом эттирилмоқда.  

– Мактабимиз тумандаги энг йирик мактаблардан ҳисобланиб, 932 нафар ўқувчи икки сменада таҳсил олади, – дейди  мактаб директори Абдунаби Абдиев. – Шундан 200 нафардан зиёд ўқувчимиз Барҳаёт, Жуҳут каби маҳаллалардан келади. Ушбу маҳаллалар 7-8 километр узоқликда жойлашган. Президентимизнинг тегишли фармони ижроси доирасида ўқувчиларни ташиш бўйича автобус қўйилди. Бундай ғамхўрликдан биз ҳам, ота-оналар ҳам хурсандмиз. Чунки бу мактабнинг давоматига ижобий таъсир кўрсатмоқда. Сабаби илгари узоқ масофадан қатновчи ўқувчилар дарсга ўз вақтида етиб кела олмасди. Ҳозир вақтида етиб келмоқда. Бундан ташқари, бу қулайлик ўқувчиларнинг таълим сифатига ҳам яхши таъсир қилмоқда. Нега десангиз, 7-8 километрдан ҳориб- чарчаб келган ўқувчи дарс қилгиси келмайди. Уйига борганда ҳам шу аҳвол. Чала ярим овқатланиб уйқуга кетса, эрталаб яна дарсга тайёргарликсиз келарди. Умри  йўлда ўтиб кетарди.    

Помуқ шаҳарчаси Миришкор туманининг олис ҳудуди ҳисобланади ва шаҳарчада 6 та умумтаълим мактаби бўлиб, шундан 3 тасига – 22, 23 ва 24-мактабларга узоқ ҳудудлардан ўқувчиларни ташиш учун автобус қўйилди.

– Давлатимиз раҳбарининг тегишли фармонига асосан узоқ массивлардан қатновчи ўқувчиларни автобусларда ташиш бўйича биржадан танлов орқали лойиҳани ютиб олдик ва аутсорсинг асосида хизмат кўрсатяпмиз, – дейди “Омад бола олами” МЧЖ раҳбари Жўрабек Ҳазаров. –  Помуқдаги 3 та мактабга автобусларимизни қўйганмиз. Мактаб раҳбарияти билан келишган ҳолда  ўқувчиларнинг келиш ва кетиш вақтида автобуслар бепул қатнаяпти. Бунинг натижасида 3 та янги иш ўрни ҳам яратилди. Автобусларга ўқувчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида  узоқ йиллик тажрибага эга  ҳайдовчиларни танлаб олганмиз.

Албатта, бу каби хайрли ишлар таълим тарбияга қаратилаётган ислоҳотларнинг яққол исботидир.

Келажак авлод бундай қулайликлардан унумли фойдаланган ҳолда ўзларининг юксак билим ва салоҳияти билан ғамхўрликка муносиб жавоб қайтаради.  

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари