Австриядан Ўзбекистонга COVID-19га қарши курашни қўллаб-қувватлаш доирасида 150 минг доза “AstraZeneca” вакцина жўнатилди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги маълум қилмоқда.
Ўзбекистоннинг Венадаги EХҲТ ва бошқа халқаро ташкилотлардаги доимий миссияси маълумотига кўра, вакциналар Австрия ҳукумати томонидан беғараз ёрдам ва мустаҳкам дўстлик рамзи сифатида тақдим этилган.
Хабарда қайд этилишича, мамлакатимизнинг Венадаги элчиси Абат Файзуллаев Австрия ташқи ишлар вазирлиги вакиллари билан биргаликда Тошкентга инсонпарварлик юкларини жўнатиш маросимида иштирок этди. Вакциналарни манзилга безарар етказиб бериш учун томонлар тиббий маҳсулотларни ташишнинг барча жиҳатларини таъминлашни назарда тутган. Хусусан, вакциналар махсус совутгичли контейнерга жойлаштирилди. Унда совутиш жараёни ва 2-7 даражали ҳарорат таъминланади.
Юкни Тошкентга етказиш «Vie Pharma Handling Center» махсус траспорт хизмати томонидан амалга оширилмоқда. Гуманитар ёрдам кўрсатиш бўйича келишувга Австрия Европа ва ташқи ишлар федерал вазири Михаэль Линхартнинг 7-8 ноябрь кунлари Ўзбекистонга ташрифи чоғида эришилган эди.
ЎзА.