Австралияда намойишчи портловчи қурилмадан фойдаланишга уринди
Австралия куни муносабати билан маҳаллий аҳоли томонидан уюштирилган митингда омма ичига қўлбола портловчи ашё ирғитган 31 ёшли эркак қўлга олинди. Қурилма портламаган, ҳеч ким жароҳат олмаган.
Қитъа-давлат Бош вазири Энтони Альбанезе воқеани кескин баҳолаб, иш суд муҳокамасига ўтгани сабабли қўшимча изоҳ беролмаслигини таъкидлаган. Шунингдек, гумонланувчи қатъий тарзда жавобгарликка тортилиши лозимлигини билдирган.
Тергов маълумотларига кўра, уй шароитида тайёрланган махсус қурилма таркибида портловчи кимёвий моддалар, металл парчалари ва михлар бўлган. Гумонланувчининг уйида ўтказилган тинтув пайти ҳам портловчи моддалар тайёрлашга мўлжалланган жиҳозлар топилган.
Ҳозирча эркакка портловчи модда тайёрлаш ва зарар етказиш мақсадида ҳаракат қилиш айби қўйилган. Полиция унинг ҳаракатида террор аломати бор-йўқлигини ҳам ўрганмоқда. Суд мажлиси 17 февралга белгиланган.
Д.Ҳакимов, ЎзА