Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Австралия ва Папуа-Янги Гвинея хавфсизлик тўғрисида битим имзолади
15:21 / 2023-12-07

Австралия ва Папуа-Янги Гвинея ўртасида хавфсизлик тўғрисида имзоланган битим икки давлат ўртасидаги мудофаа, иқлим ўзгариши ва муҳим инфратузилмани сақлаш соҳаларида муносабатни чуқурлаштиришга мўлжалланган. Бу ҳақда яшил қитъа-давлат Бош вазири Энтони Албанезега таяниб, Сингапурнинг “Бўғоз вақти” – “Straits Times” нашри маълум қилди.

Келишув мудофаа, полиция, чегара ва денгиз хавфсизлиги, шунингдек, киберхавфсизлик, иқлим ўзгариши, гендерга асосланган зўравонлик ва муҳим инфратузилмани сақлаш соҳаларидаги ҳамкорлигимизни кенгайтириш учун ҳуқуқий асос бўлади. – деди Албанезе журналистларга янги гвинеялик ҳамкасби Жеймс Марапе билан учрашувдан сўнг.

Миллий хавфсизликни мустаҳкамлаш учун Порт-Морсбига 200 миллион Австралия доллари (132 миллион АҚШ доллари) ажратилишини назарда тутадиган келишув амалга оширилиши “икки давлат муносабати даражасини яхшилайди, умумий манфаатларни илгари суради”, дея таъкидланган.

Биз Папуа-Янги Гвинеяда полициядан тортиб суд ва ахлоқ тузатиш муассасаларигача бўлган барча ҳуқуқ-тартибот идораларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга келишиб олдик, - дея қўшимча қилди Австралия бош вазири.

Ҳамкорлар Папуа-Янги Гвинея пойтахти Порт-Морсбида полиция ходимлари учун ихтисослашган ўқув марказини яратиши кутиляпти. Муассаса кейинчалик Тинч океани минтақасидаги бошқа мамлакатлардан ҳам тингловчиларни ўқишга қабул қила олади. Шунингдек, 50 нафар австралиялик полициячи Папуа-Янги Гвинеяга маҳаллий зобитларга “қабила зўравонлиги ва кенг тарқалган коррупцияни йўқ қилишга” ёрдам бериш учун юборилиши режалаштирилган.

М.Пирматова, ЎзА