Австралия Бош вазири Энтони Альбанезе мамлакат сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясида Фаластин давлатини тан олишини маълум қилди. Буюк Британия, Франция ва Канада ташаббусига қўшилиш сифатида баҳоланаётган бу қарор икки давлатли ечимни қўллаб-қувватлаш, дейиш мумкин.
Орол-давлат ҳукумати раҳбари таъкидлашича, Австралия Фаластин маъмуриятидан қуролсизланиш, умумий сайлов ўтказиш ва Исроилнинг мавжудлиги ҳуқуқини тан олиш бўйича кафолат олган. –Икки давлатли ечим – Яқин Шарқда зўравонлик доирасини узиш, Ғазодаги уруш, очлик ҳамда азоб-уқубатга чек қўйиш учун энг яхши танловдир, – деган у.
Исроил эса айни ташаббусни “терроризмни мукофотлаш” деб атаб, танқид қилди. АҚШ ҳам Фаластин давлатини тан олиш ниятида эмаслиги, бундай давлат учун “функционал ҳукумат йўқлиги”ни билдирган.
Фаластин маъмурияти тан олиниш орқали халқнинг ўз тақдирини белгилаш ҳуқуқи қўллаб-қувватланишини айтди. Қарор эълонидан олдин Альбанезе Буюк Британия, Франция, Янги Зеландия ва Япония раҳбарлари билан маслаҳатлашув ўтказган.
Сўнгги маълумотга кўра, 2023 йилдан бери Исроил ҳарбий амалиёти натижасида 61 000 дан кўп одам ҳалок бўлган, Ғазода очлик ва тўйиб овқатланмаслик оқибатида 217 киши вафот этган.
Ҳозиргача БМТ таркибидаги 193 давлатдан 147 таси тан олган Фаластин тузилмада “доимий кузатувчи” мақомига эга.
Мусулмон Зиё, ЎзА