Мамлакатимизда халқаро ҳамкорлик алоқаларининг кенг ривож топаётгани жисмоний тарбия ва спорт таълими йўналишида яққол кўзга ташланмоқда.
Ўтган йиллар давомида Хитой, Германия, Жанубий Корея, Россия, Япония мамлакатларининг спорт таълими муассасалари билан манфаатли ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида куни кеча Австралиянинг “Sport Nomads” таълим ташкилоти ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Меморандумни имзолаш маросимида иштирок этган “Sport Nomads Pty Ltd” компанияси раҳбари Андрей Воронцов ҳамда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ректори, профессор Рашид Маткаримов мазкур келишув халқаро алоқаларни янада кенгайтириш, спорт таълими йўналишида илғор дастурларни тадқиқ этиш йўлидаги муҳим қадам бўлганини таъкидлади.

Музокаралар давомида ҳамкорликнинг асосий йўналишлари этиб, спорт курашлари бўйича халқаро ўқув-машғулот йиғинларини ташкил этиш, Австралия ва Ўзбекистон ўртасида талабалар ҳамда мураббийлар алмашинувини йўлга қўйиш, спорт фани, педагогика ва спортчиларни тайёрлаш методикаси бўйича қўшма илмий тадқиқотлар ўтказиш, мураббийлар учун малака ошириш семинарлари ва халқаро ўқув курсларини ташкил этиш каби масалалар белгиланди.
Маълумот ўрнида, “Sport Nomads” ташкилоти глобал спорт платформаси ҳисобланади. Спортчилар ва мураббийлар учун ўрганиш, машғулотлар, тажриба алмашиш ва ўсиш имкониятларини яратади. Спорт федерациялари, университетлар, клублар билан юқори сифатли дастурларни ишлаб чиқади.
Т.Рўзиев, ЎзА