Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Авлодларга нур улашаётган Хурсаной момо
16:47 / 2025-11-19

Қашқадарё вилояти Муборак тумани, Обод турмуш маҳалласида яшовчи 79 ёшли Хурсаной момо Аҳмедова ҳунарга меҳр қўйган, авлодлар тарбиясида ўчмас из қолдириб келаётган нуроний аёлларимизнинг ёрқин ва ибратли намунасидир.

У кишининг ҳаёт йўли, ҳунарга садоқати, маҳалладаги фаол иштироки кўплаб хотин-қизлар учун жасорат ва илҳом манбаи бўлиб хизмат қилмоқда.

Хурсаной момо 6 қиз, 3 ўғил, 43 набира ва 21 чеваранинг меҳрибон бувиси. Чоллари вафот этганидан кейин у кишининг ҳаётидаги оғир бўшлиқни айнан ҳунар – кашта ва гилам тўқиш анъаналари тўлдирди. “Вақтимни нима билан ўтказишни билмай юрган пайтимда қўлимга ип-игна олдим ва шу мени яна ҳаётга қайтарди”, – дея эслайди момо.

Шундан бери нафақат ўзи ушбу ҳунарни давом эттириб келмоқда, балки қизлари, набиралари ва маҳалланинг ишсиз хотин-қизларини ҳам ҳунарга ўргатиб, уларнинг бандлигини таъминлашга ҳисса қўшиб келмоқда. Момонинг хонадони бугунги кунда маҳалладаги қизларнинг маҳорати синаб кўриладиган, ўргатиладиган масканга айланган.

Хурсаной момонинг келини Гулсара Тожиева ҳам қайнонаси билан бир қаторда ушбу хайрли ишда фаол қатнашади. У боғчада тарбиячи бўлиб ишласа-да, бўш вақтларида гиламчилик ва каштачиликда момога ёрдам беради.  

– Қайнонам билан ишлаш мароқли, ҳар бир ипда бир олам ҳикмат, ҳар бир нақшда тарих бор, – дейди Гулсара Тожиева. – Қайнонамдан энг аввало сабрни яъни гилам тўқиш, кашта тикиш сабрини ўргандим. Ҳар бир нақшни меҳр билан тикиш керак. Шунда у шу қадар жозибадор бўлади. 

Улар яшаётган хонадонда ҳунарга бўлган меҳр, меҳнатга бўлган ҳурмат ва авлодлар ўртасидаги чуқур иззат ҳисси доимо сезилиб туради.

Маҳалланинг хотин-қизлар фаоли Гулзор Сафарова Хурсаной момони маҳалланинг энг ҳурматли аёлларидан бири сифатида эътироф этади.

– Хонадонларда келишмовчилик юзага келган пайтларда Хурсаной момони чақириш одат бўлган. Мулойимлиги ва ҳаётий тажрибаси туфайли у ҳар қандай вазиятга оқилона киришиб, низоларни тинч ҳал этишга кӯмаклашади. Унинг сўзи баракали, – дейди Гулзор Сафарова. – У киши гўё элнинг онаси. Маслаҳати ҳаммага дармон. Ҳунари, қўлининг шифоси, сўзидаги зиё билан бутун маҳаллани жипслаштирган. Ҳунармандчилик фаолияти ёшларга жуда ижобий таъсир кўрсатмоқда. Улар момодан нафақат ҳунар ўрганиб, даромад топмоқда, балки мураккаб ҳаёт сабоғини ҳам олмоқда. 

[gallery-26323]

– Момо, ҳунар сизнинг ҳаётингизда қандай ўрин эгаллайди?

– Ип-игна қўлимда бўлса, юрагим тинчийди. Ҳунар инсонни тирик қилади. Қизларим ва набираларимга ҳам шу ҳунар қолсин, деган ниятдаман, – дейди Хурсаной момо игнадан ипни кўзойнаксиз ўтказаркан. – Ёшгина набирам, қизларимга доим насиҳат қиламан, ҳунар эгалланг, уйда ўтириб ҳам иш қилса бўлади. Меҳнат қилган одам ҳеч қачон кам бўлмайди.  

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Обод турмуш маҳалласидаги Хурсаной момо Аҳмедованинг ҳаёт йўли меҳр, сабр ва ҳунарнинг мукаммал уйғунлигидир. У киши нафақат гилам ва кашта тўқувчи ҳунарманд, балки кўплаб хотин-қизлар учун устоз, маҳалла учун эса маслаҳатчи, бирлик тимсолидир.

Момонинг ҳар бир тўқиган гиламида нафақат нақш, балки ҳаёт ҳикмати бор. Хурсаной момо каби миллий каштачилик ва гиламчилик ҳунарларини давом эттираётган фидойилар бор экан, халқимизнинг маданий мероси ва миллий руҳи ҳам доимо яшнаб тураверади.

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари