Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Авиация институти битирувчилари –ёш офицерлар хизматга йўлланди
19:47 / 2024-06-20

Бугун эрта тонгдан Ўзбекистон Республикаси ҳарбий авиация институтининг битирувчилари саф майдони бўйлаб саф тортишди. Мамлакатимиз байроғи кўтарилиб, мадҳиямиз янгради.

Бу тантанали тадбир шунчаки битирув оқшоми эмас, балки тарихда қоладиган кун сифатида алоҳида нишонланди. Боиси, бу йил институт ташкил этилганига 30 йил тўлди. 

Ушбу юбилей муносабати билан институтда бир қатор тантанали тадбирлар ташкил этилди. Жумладан, “Ўзбекистон Республикасида ҳарбий авиациянинг ривожланиш тарихи ва истиқболлари” мавзусида халқаро илмий-назарий конференция, Ватан олдидаги бурчини адо этиш чоғида юртимиз озодлиги, халқимизнинг бугунги тинч ва осойишта ҳаётини таъминлаш йўлида ҳалок бўлган мард ва жасур қаҳрамонлар хотирасини ёд этиш мақсадида бунёд этилган “Мангу жасорат” монументининг очилиш маросими каби қўшалоқ тадбирлар ўтказилди.

Истиқлол айёми яқинлашаётган шундай қутлуғ кунларда миллий армиямиз ҳаётидаги муҳим воқеалар тарих зарварақларига муҳрланди.

Мазкур тантанали тадбирларда Мудофаа вазирлиги раҳбарияти, Қашқадарё вилояти давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, Қарши шаҳрида истиқомат қилаётган ёшларнинг иштирок этиши, шунингдек, жанговар самолёт ва вертолётлар парвозининг куч тузилмалари билан уйғунликда ҳаракатларини ўзида акс эттирган ҳарбий-ватанпарварлик фестивали ўтказилиши ушбу тадбирнинг салмоғини янада оширди.

 [gallery-17925]

Тантанали битирув маросимида Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири, генерал- лейтенант Б.Қурбонов, Қашқадарё вилояти ҳокими М.Азимов, ЖҒМҲО қўшинлари қўмондони генерал-майор Зайнобиддин Иминов иштирок этиб, битирувчиларни қутлади, битирувчиларга таълим- тарбия берган устозлари ва ота-оналарига миннатдорлик билдирди.

Шунингдек, институт “Робототехника ва дрон ихтирочилиги” тўгараги аъзолари томонидан жонли тарзда ташкил қилинган “Дроншоу” тадбири иштирокчиларни янада хушнуд қилди.

– Ўзбекистон Республикаси ҳарбий авиация институти – Ҳарбий ҳаво кучлари шонли келажагининг пойдеворидир, – дейди институт бошлиғи, полковник А.Ҳамраев. – Институтнинг юбилей санаси ҳамда мазкур битирув маросими 27-битирувдир. Бугун авиация соҳасида 5 йил давомида таълим-тарбия олган ва интеллектуал жиҳатдан етук, мантиқий фикрлай оладиган, зарур касбий тайёргарликка эга бўлган 55 нафар битирувчи – ёш офицерларимизни миллий армиямизнинг Ҳаво ҳужумидан мудофаа ва ҳарбий ҳаво кучлари сафларига йўлладик. Ҳарбий авиациянинг сир-асрорларини мукаммал ўрганган битирувчилар билан миллий армиямиз сафлари янада мустаҳкамланди.

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари