Бугун авиачипта билан боғлиқ муаммолар сони кун сайин кўпаймоқда.
Парвоз бекор бўлгани ортидан чипта пулини қайтариб ололмаган фуқаролар муаммосига эса ҳануз узил-кесил ечим берилганича йўқ.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига келиб тушаётган аксар муаммолар ҳам айнан чипта билан боғлиқ.
Мингбулоқ туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига Тўрақўрғон туман "Сарой" МФЙ, "Зиёратгоҳ" кўчасида яшовчи фуқаро З.Р ҳам худди шу муаммо билан мурожаат қилган.
Маълум бўлишича, З.Р шу туманда жойлашган «Ниҳол авиа» МЧЖга қарашли авиакассадан 3.145.000 сўмга чипта сотиб олган. Лекин, айрим сабабларга кўра, авиапарвоз бекор бўлгани ҳақида хабардор этилган. Табиийки, шундан сўнг З.Р авиачипта пулини қайтариб олиш учун авиакассага мурожаат қилади.
Касса ходимлари эса билет пулини 10 кун ичида қайтаришларини айтади, лекин пул айтилган муддатда қайтарилмайди.
Муаммо Мингбулоқ туман жамияти ходимлари томонидан ўрганилганда «Ниҳол авиа» МЧЖ раҳбари чипта пулини чиндан қайтариб бермагани ойдинлашди. Жамият ходимлари мурожаатчи номидан Наманган туманлараро судига даъво ариза киритгач, чипта учун тўланган маблағи ҳал қилув қарорига кўра, ундириб берилди.
ЎзА