Ўзбекистон Республикаси ҳудудларида ишбилармонлик фаоллиги таҳлили ҳар ойда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан тезкор маълумотлар асосида (республиканинг барча соҳалари бўйича ўтказилган мониторинг, Давлат божхона қўмитаси, ДСҚ, МБ ва ЎзРХТБ) ҳисоблаб чиқилади.
Мониторинг натижалари шуни кўрсатдики, жорий йил 1 январидан 31 августигача бўлган даврда республикада солиқ тушумлари ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 16,5 фоизга ошган.
Жумладан, Фарғона (38,7%), Самарқанд (36,3%), Сирдарё (35,5%), Сурхондарё (34,4%), Бухоро (32,3%), Хоразм (31,9%) вилоятларида ва Тошкент шаҳрида (42,8%) солиқ тушумларининг сезиларли ўсиши қайд этилди.
Солиқ тушумларининг ўсиши иқтисодиётдаги ижобий ўзгаришлар натижасида, шунингдек, солиқ маъмуриятчилиги тизимини такомиллаштириш, жумладан янги маъмурий воситаларни жорий этиш, жараёнларни рақамлаштириш ва автоматлаштириш, тадбиркорлик фаолиятини қонунийлаштириш ва солиқ қонунчилиги талабларига риоя этиш тартибини соддалаштириш ҳисобига таъминланди.
Таҳлил қилинаётган даврда божхона тўловлари бўйича тушумлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 40,0 фоизга ошди. Божхона тушумларининг энг катта ўсиши Қорақалпоғистон Республикаси (59,0%), Андижон (51,9%), Хоразм (48,6%), Бухоро (46,8%), Сирдарё (44,3%) вилоятларида ва Тошкент шаҳрида (46,2%) кузатилди.
Божхона тушумларининг ўсиши ташқи савдо айланмасининг ўсиши, мамлакатимизда ишлаб чиқариш қувватларининг ошиши, божхона маъмуриятчилиги тартиб-таомилларини соддалаштириш, жараёнларни рақамлаштириш ва автоматлаштириш, жумладан, божхона органлари томонидан рискларни бошқариш тизимидан кенг фойдаланиш ҳисобига таъминланди.
Давлат божхона қўмитаси маълумотларига кўра, йил бошидан 31 августга қадар товарлар экспорти ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 23,0 фоизга ошган. Товарлар экспорт ҳажмининг сезиларли ўсиши Самарқанд (35,9%), Қашқадарё (35,9%), Андижон (35,1%), Наманган (30,7%), Сирдарё (27,7%) вилоятларида ва Тошкент шаҳрида (45,3%) қайд этилди.
Ўзбекистон экспортининг ўсиши саноат, озиқ-овқат, кимё ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортининг ўсиш суръатлари билан изоҳланади.
Товар экспортининг қисқариши Бухоро (10,7%), Сурхондарё (7,3%) вилоятларида ва Қорақалпоғистон Республикасида (16,1%) кузатилди.
Экспорт ҳажмининг камайиши Бухоро вилоятида пахта толасининг ички бозорга йўналтирилганлиги билан, Қорақалпоғистон Республикасида пластмасса ва ундан тайёрланган маҳсулотлар, ип-калава (қизилмия илдизидан тайёрланадиган) фармацевтика маҳсулотлари экспортининг камайиши билан, Сурхондарё вилоятида мева-сабзавот маҳсулотлари (дуккакли ўсимликлар, помидор, мош, пиёз) экспортининг камайиши билан боғлиқ.
Жорий йил 1 январидан 31 августигача бўлган даврда тижорат банклари томонидан берилган кредитлар ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 7,0 фоизга ўсди.
Берилган кредитлар ҳажмининг ўсиши Фарғона (23,1%), Тошкент (20,2%), Андижон (16,0%), Самарқанд (7,3%) вилоятларида, Қорақалпоғистон Республикасида (7,7%) ва Тошкент шаҳрида (16,6%) кузатилган.
Сирдарё (-48,9%), Навоий (-30,5%), Сурхондарё (-19,3%), Бухоро (-13,0%), Қашқадарё (-9,9%), Жиззах (-8,1%) ва Наманган (-0,5%) вилоятларида ажратилган кредитлар миқдорининг камайганлиги кузатилди. Бу 2021 йилнинг мос даврида ушбу вилоятларда текстиль ва бошқа ишлаб чиқариш лойиҳалари учун катта миқдорда кредитлар ажратилганлиги билан боғлиқ.
Таҳлил қилинаётган даврда Ўзбекистон Республикаси товар-хомашё биржасида тузилган битимлар ҳажми 42,6 фоизга ўсди. Биржада савдо фаоллигининг сезиларли ўсиши Жиззах (62,6%), Навоий (55,7%), Хоразм (53,4%), Тошкент (45,3%) вилоятларида ва Тошкент шаҳрида (54,2%) кузатилди.
Ушбу ҳудудларда тузилган битимлар ҳажмининг ўсиши минерал ўғитлар, техник чигитлар, автомобиль бензини, дизел ёқилғиси, қурилиш ва хўжалик материаллари, ўсимлик ёғи, буғдой уни, буғдой, шакар, пахта толаси, қора ва рангли металлар, полиэтилен, полипропилен, этил спирти ва бошқа маҳсулотлар савдосининг кўпайиши ҳисобидан эришилган.
Шу даврда 62 685 та янги хўжалик юритувчи субъект ташкил этилиб, уларнинг энг кўпи Самарқанд (7 822), Қашқадарё (6 158), Фарғона (5 989), Тошкент (4 604), Андижон (4 089) вилоятларида ва Тошкент шаҳрида (10 299) рўйхатга олинган.
Юсуф Жумабоев,
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази илмий ходими.
ЎзА