Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Август-сентябрь ойларида қайси боғчаларда овқатдан заҳарланиш ҳолатлари кузатилди?
17:21 / 2022-09-23

Жорий йилнинг август-сентябрь ойларида республикамизнинг турли вилоятларидаги мактабгача таълим ташкилотларида тарбияланаётган болаларнинг ич кетиши, кўнгил айниши каби ҳолатлар билан шифохонага ётқизилгани кузатилди.

АОКАда ўтказилган брифингда Мактабгача таълим вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Мавлуда Асқархўжаева мазкур ҳолатлар юзасидан баёнот берди.

Таъкидланишича, Фарғона вилояти Олтиариқ туманидаги 39-сонли ДМТТдан 8 нафар, Марғилон тумани 16-сонли ДМТТдан 8 нафар, Марғилон шаҳар 24-сонли ДМТТдан 4 нафар, Навоий вилояти Кармана туманидаги 16-сонли МТТдан 11 нафар, Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида жойлашган 32-сон ДМТТдан 5 нафар бола шифохоналарга ётқизилган.

Фарғона вилояти Олтиариқ туманидаги 39 ва 22-сонли мактабгача таълим ташкилотларида қайд этилган гуруҳли овқатдан заҳарланиш ҳолатлари бўйича Санитария-эпидемиологик хизмати Олтиариқ тумани бўлими томонидан тақдим қилинган бактериологик лаборатория таҳлиллари натижаларига кўра, 13 ва 14 сентябрь кунлари Олтиариқ туманидаги 39-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида тайёрланган таомларнинг кунлик намуналаридаги сарёғли нонда ва банан ҳамда олмадан тайёрланган мевали салатда ичак таёқчаси бактериялари гуруҳига мансуб ичак таёқчалари, творогли ватрушка ва сутли какаода тилла рангли стафилакокк микроблари аниқланган. Шунингдек, омборхонада сақланаётган қиймаланган мол гўшти ва мол суяги намуналаридан ҳам ичак таёқчаси бактерияси топилган.

– Ушбу боғча вақтинчалик ёпилган эди, барча тегишли санитария гигиена ва дезинфекция холатлари ўтказилганидан сўнг, бактериялар аниқланган Олтиариқ туманидаги ДМТТлари қайта фаолиятини бошлади, – дейди М.Асқархўжаева. – Вазирлик топшириғига асосан сифатсиз озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб берган таъминотчи ташкилотлар билан ҳам шартномаларни бекор қилиш чоралари кўрилмоқда.

Овқатдан заҳарланган болалар тегишли мутахассислар томонидан белгиланган тартибда кўрикдан ўтказилган ва уларнинг умумий ҳолати қониқарли деб баҳоланган.

Шунингдек, касалланиш ҳолати кузатилган болалар билан бир гуруҳда тарбияланган тарбияланувчилар ҳам текширувдан ўтказилганда ҳеч қандай касалланиш ҳолати учрамаган.

Олтиариқ туманидаги 39-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотининг 8 нафар тарбияланувчиси билан гуруҳда бўлган 26 нафар бола ҳам стационар шароитда назоратга олинган бўлиб, уларнинг соғлиғида касаллик аломатлари кузатилмаган.

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати Қашқадарё вилояти Қарши шаҳар бўлимининг 22 сентябрдаги тегишли хулосасига кўра, вилоят юқумли касалликлар шифохонасига "овқатдан заҳарланиш инфекцияси" гумони билан 19 сентябрь куни Қарши шаҳридаги 32-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчилари томонидан мурожаат келиб тушган.

Ўтказилган эпидемиологик суриштирув ва текширув натижаларига кўра, бактериологик лабораториясига олинган 15 та суртманинг 5 тасида 33,3 фоиз ичак таёқчалари бактериялари гуруҳи аниқланган, суткалик овқат намуналарида эса бактериялар аниқланмаган. Вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг санитария-гигиена лабораториясига тақдим қилинган озиқ-овқат маҳсулотлари санитария қоида ва меъёрларига мос келиши аниқланган.

– Юқоридаги санитария хулосаси мисолида диареяга сабаб бўладиган омилларга фақатгина овқатланиш жараёнини сабаб қилиб келтирмаслигингиз зарур, – дейди М.Асқархўжаева. – Чунки, бундан ташқари ҳам диареяга сабаб бўлувчи кўплаб омиллар мавжуд. Бактерия ва паразитлар болалаларни ўткир диарея билан оғришига сабаб бўлади. Бунга олиб келадиган омилларга фақатгина муддати ўтган овқат эмас, қўлни тоза ювмаслик, мева ва сабзавотларни ювмасдан истеъмол қилиш каби сабабаларни ҳам келтириб ўтиш мумкин. Шу билан бирга, ич кетиши, иситма, кўнгил айниши каби ҳолатлар фақатгина овқатдан заҳарланиш жараёнида кузатилмайди. Куз бактерия ва вируслар фаоллашадиган фасл ҳисобланади. Бу каби ҳолатларда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг хулосаси берилмагунига қадар овқатдан заҳарланиш деб бўлмайди.

Моҳигул Қосимова, ЎзА