Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Август ойида умумий инфляция бироз пасайиб, йиллик ҳисобда 8,8 фоизни ташкил этди (+видео)
14:29 / 2025-09-11

Марказий банк Бошқарувининг навбатдаги йиғилиши ўтказилди. Унда асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш бўйича қарор қабул қилинди.

Қайд этилишича, август ойида умумий инфляция июлга нисбатан бироз пасайиб, йиллик ҳисобда 8,8 фоизни ташкил этди. Озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ўсишининг секинлашиши ҳисобига базавий инфляция 7,6 фоизгача пасайди.

Шу билан бирга, ялпи талабнинг юқори даражада сақланиши шароитида энергия нархлари ошишининг иккиламчи таъсирлари хизматлар инфляциясининг юқори шаклланишида намоён бўлмоқда.

Сўнгги ойларда мавсумий омиллар ҳамда алмашув курсининг барқарорлашуви ҳисобига аҳоли ва тадбиркорлар инфляцион кутилмаларида пасайиш тенденцияси кузатилган бўлса-да, мазкур кутилмалар умумий инфляция даражасидан юқори бўлиб қолмоқда.

2025 йилнинг биринчи ярмида иқтисодий ўсиш 7,2 фоизгача тезлашди. Бунда, хизматлар соҳасининг юқори суръатлари билан бирга саноат, қурилиш ва қишлоқ хўжалиги тармоқларида ҳам сезиларли ўсиш қайд этилди.

Трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажмининг барқарор ўсиши, иқтисодиётда кредитлаш суръатларининг жадаллашуви, бюджет харажатларининг ўсиши ҳамда инвестицион фаолликнинг юқори бўлиши ялпи талабни фаол рағбатлантирувчи омиллардан бўлмоқда.

Шу билан бирга, халқаро савдодаги чекловлар ва ўзаро алоқаларга киритилган ўзгаришлар туфайли глобал инфляциянинг пасайиши кутилганидан секин кечаётгани, жаҳонда озиқ-овқат маҳсулотлари нархи ошаётгани ҳамда асосий савдо ҳамкор давлатлардаги инфляция даражасининг таргет кўрсаткичларидан юқори шакллангани келгусида импорт инфляциясининг кучайишига олиб келиши мумкин.

Ушбу шароитларда жорий йил якунида инфляция даражаси 8,7 фоиз атрофида шаклланиши прогноз қилинмоқда.

Ш.Маматуропова, Н.Мардонов (видео),

ЎзА