English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Август – ҳосилга ҳосил қўшиш ойи ҳисобланади
10:21 / 2022-08-28

Август ойи қишлоқ хўжалиги соҳасида муҳим палла бўлиб, деҳқонлар тилида “ҳосилга ҳосил қўшиш” ойи ҳисобланади.

“Ҳар бир гектар ердан кафолатланган 40 центнер пахта ҳосилини олиш мақсадида 15 июлдан 15 августга қадар ҳосилга-ҳосил қўшиш “Зарбдор 30 кунлик” эълон қилинган эди. Бу вақт оралиғида Навоий вилоятида ҳам ғўза майдонларида агротехник тадбирларни кечиктирмай олиб бориш, зараркунандаларга қарши ишлов бериш, ғўза қатор ораларини культивация қилиш, шарбат билан суғориш ва айни аномал иссиқда пахтадаги “стресс” ҳолатини бартараф этиш учун “тунги суғориш”ларни ташкил этиш ишлари олиб борилди. Жараёнлар “Ўзагроинспекция” вилоят бошқармаси, вилоят прокуратураси томонидан тузилган Ишчи гуруҳи томонидан назорат қилиб борилди.

Бугунги кунда вилоятда 31 минг 655 гектар майдонга чигит экилган бўлиб, ғўза майдонлари ривожланиш фазаси бўйича 15-16 та ҳосил шохи, 10-13 тагача кўсакка эга.

– Ғўза қатор ораларига ишлов бериш учун вилоят бўйича 707 та культиватор жалб этилган бўлиб, уларнинг техник созлиги ва ғўза шохларига зарар етказмаслик учун “балиқ сирти” қилиб ўралгани, культивацияни кечиктирилмай бажарилиши агроинспекция вилоят бошқармаси ва туман бўлими ходимлари томонидан назорат қилиниб, зарур ўринларда фермерларга маслаҳат, тавсиялар бериб келинмоқда, – дейди “Ўзагроинспекция” вилоят бошқармаси катта инспектори Бурҳон Тўйчиев. – Вилоят бўйича бир кунда 3298 гектар ғўза майдони қатор ораларига ишлов берилди. Шунингдек, минерал ўғитлар билан гектарига 300 килограммдан 3-озиқлантириш агротехник тадбирлари амалга оширилди.

“Навбаҳор текстиль” пахта-тўқимачилик кластери томонидан тумандаги пахтачиликка ихтисослашган 184 та фермер хўжалиги билан шартнома тузилган бўлиб, чигит экилганидан бошлаб токи уни йиғиб-териб олиш ишларини сифатли ташкил этиш, юқори ҳосилдорликка эришиш, янги иш ўринлари яратиш каби масалаларга масъулият билан ёндашилмоқда.

– Барча фермер хўжаликлари пахта майдонларида ғўзалар ҳавас қилса арзигулик баравж ривожланмоқда, – дейди “Ўзагроинспекция” Навбаҳор туман бўлими бошлиғи Аббос Ризоқулов. – Ҳар 5 гектар ерга сувчи бириктирилган бўлиб, сувни “шарбат” билан тарқатиш, ғўза майдонлари бошида шарбат ўралар қазилгани ва сувчиларга яратилган шароитлар юзасидан кунлик мониторинг ишлари олиб борилди. Аксарият фермер хўжаликларида ғўза қатор ораларини 4-марта суғориш ишлари бажариляпти.

Қизилтепа туманида ҳам “Долзарб 30 кунлик” тадбирлар режа асосида олиб борилди.

– Туманда 61 та ОВХ пуркагич, 189 та чопиқ трактори мавсумга шай ҳолатда, – дейди туман қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи Фарҳод Эсанов. – Кунлик агротехник тадбирларнинг сифатли бажарилиши ишчи гуруҳ томонидан мунтазам таҳлил қилиб борилди. Жумладан, ғўза майдонларига кимёвий ишлов бериш, биостимуляторларнинг белгиланган меъёр асосида ишлатилишига оид тавсиялар бериб борилди. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилди. Мақсад, пахтачиликда юқори ҳосилдорликка эришишдир.

Агроинспекция вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари томонидан ғўза агротехникаси юзасидан мавсум бошидан буён 474 та фермер хўжаликнинг 21 минг гектар ғўза майдонларида назорат тадбирлари ўтказилди. Шундан 3 минг 341 гектар майдонда ғўза парвариши билан боғлиқ хато ва камчиликлар аниқланди. Ушбу камчиликларни бартараф этиш юзасидан фермер ва кластерларга 334 та бажарилиши мажбурий бўлган ёзма кўрсатма, 77 та огоҳлантириш хати берилган.

Абдували Бўриев, ЎзА