Самарқанд вилоятидаги кластер корхоналари ва уларга аъзо фермер хўжаликлари томонидан жорий йилда 75 минг 356 гектар майдонда ғўза парваришланмоқда.
Бу йил баҳорнинг нисбатан серёғин келгани ва июль ойидаги аномал иссиқ ғўза парваришида фермерлар учун бир мунча қийинчиликларни юзага келтирди. Аслида ҳеч бир мавсум осон кечмайди, ҳар йилнинг ўзига яраша табиат инжиқликлари, сув ва бошқа масалаларда муаммолар юзага келиши мумкин.
Шунга қарамай агротехника тадбирларининг ўз вақтида, оптимал муддатларда ва сифатли ўтказилиши натижасида кўзланган ҳосил етиштирилмоқда. Айниқса, ҳосилга ҳосил қўшиладиган август ойида – зарбдор ўттиз кунлик давомида барча пахта майдонларида ғўзани суғориш ва ишлов бериш ишлари тизимли равишда олиб борилмоқда. Бунинг учун 1600 дан ортиқ культиватордан самарали фойдаланиб, кунига ўртача 7 минг гектардан ортиқ ер майдонидаги ғўза қатор ораларига ишлов берилмоқда. Каттақўрғон туманидаги 221 та фермер хўжалиги ва 2 та кластер корхонаси томонидан 10 минг 750 гектар майдонда ғўзанинг ҳудуд иқлим шароитига мос, эртапишар “Бухоро-106”, ”Омад”, ”Султон” навлари парваришланмоқда.
– Каттақўрғонлик фермерлар гектаридан 40-45 центнердан ошириб ҳосил олиш учун астойдил меҳнат қилмоқда – дейди “Ўзагроинспекция”нинг Каттақўрғон туман бўлими бошлиғи Нурали Намозов. – Айни кунлардан ғўза қатор ораларини культивация қилишга алоҳида эътибор қаратилиб, мавжуд 256 дона культиватордан унумли фойдаланилмоқда.
Суғориш ишлари тунда, “шарбат усули”да амалга оширилмоқда.
Бу жараёнда биз ҳам фермерларга ўз маслаҳат ва тавсияларимизни беряпмиз, агротехника тадбирларнинг сифати ва самарадорлиги назоратга олинган. Кузатилаётган айрим камчилик кластер корхоналари ва фермер хўжаликлари томонидан тезкор бартараф этилмоқда.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА