Туркманистоннинг Аваза шаҳридаги миллий сайёҳлик зонасида “Замонавий жамиятда аёлларнинг роли: Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш учун халқаро ҳамкорликни ривожлантириш” халқаро конференция ўз ишини давом эттирмоқда, деб ёзди “Turkmenportal” нашри.
Форумда турли мамлакатлардан давлат идоралари, жамоат бирлашмалари ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этмоқда.

Йиғин аввалида ғамхўрликка муҳтож болаларга ёрдам бериш бўйича Гурбангули Бердимуҳамедов хайрия жамғармасининг тиббий ишлар бўйича вице-президенти Огулжаҳан Атабаева делегация раҳбарларига табрик нутқи билан мурожаат қилди.

Таъкидланишича, конференция доирасида “Кўп томонлама мулоқот ва шерикликни кенгайтириш сиёсат, иқтисодиёт ва ижтимоий-гуманитар соҳаларда аёлларнинг ролини кучайтириш омили” мавзусида ялпи мажлис бўлиб ўтмоқда.

“Вестиабад” ахборот агентлиги хабар беришича, мазкур халқаро тадбирда иштирок этган Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева аёллар етакчилиги ва тенг имкониятларнинг муҳимлигини таъкидлаган.

Саида Мирзиёева бир неча йил олдин мамлакатда асосий қарорлар асосан эркаклар томонидан қабул қилинганига тўхталиб, “Бугунги кунда ўзгаришларни кўриш учун бир неча қадам ташлаш кифоя”, деди.
Шунингдек, унинг нутқида тенгликнинг аҳамияти, аёлларнинг етакчи мавқеини мустаҳкамлаш ва уларнинг ўлка ижтимоий ва профессионал ривожланишидаги роли таъкидланди.
Анжуман иштирокчилари Туркманистоннинг миллий маданий меросига бағишланган кўргазма билан танишди. Унда туркман маданияти ва ўзига хослигини акс эттирувчи анъанавий халқ ҳунармандчилигининг кенг турлари намойиш этилди. Кўргазмалар орасида гиламлар, тарихий расмлар, ипакчилик ва миллий заргарлик буюмлари бор.
Ташриф буюрувчилар айниқса, туркман халқининг юксак маҳорати ва кўп асрлик анъаналарини сақлаб қолишини намойиш этувчи гилам санъатининг ноёб намуналарига қизиқиш билдирдилар.
Икки кунлик конференция дастури аёллар ва болалар манфаатлари учун давлат бошқаруви, аёллар учун иқтисодий имкониятлар ва аёлларнинг таълим, болаларни парвариш қилиш, соғлиқни сақлаш ва атроф-муҳит соҳасидаги ижтимоий фаоллигига бағишланган учта мавзувий сессияни ўз ичига олади.
М.Пирматова, ЎзА