Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ташаббуси билан бугун юртимизнинг бир қатор ҳудудлари қатори Самарқанд шаҳридаги 109-давлат мактабгача таълим ташкилотига пресс-тур уюштирилди.
Давлат мактабгача таълим ташкилотларида аутсорсинг усулида соғлом овқатлантиришни ташкил этиш жараёнларига бағишланган тадбирда соҳа масъуллари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди. Мазкур давлат мактабгача таълим ташкилоти 120 ўринга мўлжалланган бўлиб, 2022 йилда реконструкция қилинган. Пресс-тур иштирокчилари боғчада машғулот хонаси, ётоқхона, ошхона ва уларда яратилган шароитлар билан танишди.
[gallery-24602]
– 120 ўринли боғчамиз 2022 йилдан буён аутсорсинг усулида фаолият юритиб келмоқда, – дейди 109-давлат мактабгача таълим ташкилоти директори Севара Қорабоева. – Бу тизимнинг қулайлиги шундаки биз болаларнинг таълим-тарбияси билан шуғулланамиз, озиқ-овқати таъминоти аутсорсер зиммасида. Биз асосий эътиборни тарбияланувчиларга сифатли таълим-тарбия бериш, бунинг учун замонавий усуллардан фойдаланишга қаратамиз. Боғчага аутсорсинг хизмати кўрсатувчи тадбиркор Жамшид Ўроқовнинг маълум қилишича, сут, гўшт, нон, сабзавот маҳсулотлари ўзининг ишлаб чиқариш фирмаларида тайёрланади ва уларнинг сифатига тўла кафолат беради. Муҳими, бу маҳсулот тан нархи ошиб кетишининг олдини олади.
– Шу пайтгача айрим мактабгача таълим ташкилотларида аутсорсинг тизими йўлга қўйилган эди, – дейди Самарқанд вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бўлим бошлиғи Салоҳиддин Номиров. – Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 6 январдаги “Давлат мактабгача таълим ташкилотларида соғлом овқатлантириш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорида жорий йилда республикамиздаги барча давлат мактабгача ва мактаб таълими ташкилотларида аутсорсинг усулида соғлом овқатлантириш ташкил этиш белгиланган. Шунингдек, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси билан биргаликда мавсумлар бўйича “Ягона мавсумий таомнома” ишлаб чиқилди ва тасдиқланди. Энди барча давлат мактабгача таълим ташкилотларида бир хил меню асосида таом тайёрланади.
Маълумотларга кўра, шу пайтгача вилоятдаги 770 дан ортиқ давлат мактабгача таълим ташкилотининг 129 тасида аутсорсинг асосида тарбияланувчиларни овқатлантириш йўлга қўйилган эди. Йилнинг тўртинчи чорагидан бошлаб вилоятдаги қолган давлат мактабгача таълим ташкилотларида ҳам аутсорсинг йўлга қўйилади.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари