Шимолий кон бошқармаси таркибидаги “Ауминзо-Амантой” кони жамоаси томонидан 2025 йил учун белгиланган тоғ жинсларини қазиб олиш ҳамда олтин таркибли маъданни 3- ва 5-гидрометаллургия заводларига етказиб бериш бўйича ишлаб чиқариш режалари муддатидан олдин бажарилди.
Бугунги кунда “Ауминзо-Амантой” конида 1,3 минг нафардан ортиқ ишчи-ходим меҳнат қилмоқда. Ўтган йил давомида конда жами 39,5 миллион кубометр тоғ жинслари қазиб чиқарилган бўлса, 1,35 миллион погона метр бурғилаш ишлари амалга оширилди.

Ишлаб чиқариш режаларининг ўз вақтида ва сифатли бажарилишида замонавий кончилик техникаларининг ўрни беқиёс. Конда турли русумдаги қудратли кон машиналари, замонавий автоағдаргичлар, йўл-қурилиш механизмлари ҳамда ёрдамчи транспорт воситаларидан самарали фойдаланилмоқда.

2025 йилда кон ҳудудида металларга термик ишлов бериш ва механик йиғув участкаси ишга туширилди. Ушбу янги ишлаб чиқариш қуввати кон механизмлари ва ускуналари учун зарур эҳтиёт қисмларни ўз вақтида тайёрлаш, таъмирлаш ишларини тезкор амалга ошириш ҳамда ишдаги танаффусларни камайтириш имконини бермоқда.

– Ҳозирги кунда Навоий кон-металлургия комбинати томонидан 5-гидрометаллургия заводи билан “Ауминзо-Амантой” кони ўртасида 8 километрлик янги темир йўл линиясини қуриш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Бу эса маҳсулот ташиш жараёни самарадорлигини янада оширади, – дейди кон бошлиғи Жасур Исматов. – Жорий йилда конда иш ҳажмини кенгайтириш мақсадида “Узунбулоқ” ва “Асовқоқ” карьерларида кончилик ишларини йўлга қўйиш, даврий оқим технологияси мажмуасини барпо этиш ҳамда тоғ жинсларини қазиб олиш жараёнига замонавий техника ва технологияларни жалб этиш режалаштирилган.
Амалга оширилаётган ушбу ишлар “Ауминзо-Амантой” конида ишлаб чиқариш салоҳиятини ошириш, меҳнат унумдорлигини юксалтириш ва олтин қазиб олиш ҳажмларини барқарор равишда кўпайтиришга хизмат қилади.
А.Бўриев, ЎзА мухбири