Шимолий кон бошқармасига қарашли “Ауминзо-Амантой” кони истиқболли конлардан бири бўлиб, 2017 йилда фойдаланишга топширилган. Конда қисқа даврда кон жинсларини қазиб чиқариш ҳажми 3 миллион метр кубдан 51 миллион метр кубгача оширилди.
2024 йилда конда оксидли маъдандан ташқари 3 миллион тоннага яқин сульфидли маъдан ҳам қазиб чиқарилди.

Жорий йилда кон мутахассислари томонидан “Шимолий Амантайтов”, “Марказий Амантайтов”, “Асаукак”, “Нуқракон”сингари 4 та карьерда кон ишлари олиб борилмоқда.

Айни пайтда бу ерда Хитой, Швеция, Япония каби давлатларнинг жаҳонга машҳур корхоналарида ишлаб чиқарилган 13 та экскаватор ва 7 та бурғилаш ускуналаридан фойдаланилмоқда.
Жорий йилнинг дастлабки беш ойида “Ауминзо-Амантой” конида 17 миллион метр кубга яқин кон массаси қазиб чиқарилди.

Кон раҳбарияти томонидан ишчи-ходимларнинг яшаши, бўш вақтларида мазмунли ҳордиқ чиқариши учун барча имкониятлар яратиб берилмоқда. Ишчилар шаҳарчасида “Ауминзо-Амантой” кони, 5-гидрометаллургия заводи, Автомобиль транспорти бошқармасининг мазкур саноат ҳудудидаги автожамланмасининг икки минг нафардан ортиқ ишчи-хизматчилари истиқомат қиляпти. Шаҳарча ҳудуди обод ва кўкаламзорлаштирилган масканга айлантирилган.
А.Бўриев, ЎзА мухбири