Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Аттракционлар хавфсизлиги тўғрисидаги регламентни ҳамда Аттракционларни ҳисобга олиш ва давлат реестрини юритиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ:
Аттракционлар хавфсизлиги тўғрисидаги техник регламент;
Аттракционлар хавфсизлиги тўғрисидаги техник регламентни жорий этиш схемаси;
Аттракционларни ҳисобга олиш ва давлат реестрини юритиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Мазкур Техник регламент аттракционлардан фойдаланишда инсон ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш, уларнинг хавфсизлиги ҳақида истеъмолчиларни чалғитувчи ҳаракатларнинг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қўлланилиши ва бажарилиши мажбурий бўлган ягона талабларни белгилайди.
Регламент болалар ўйин майдончалари учун асбоб-ускуналарга ва юзага келиши мумкин бўлган аҳамиятсиз даражали биомеханик хавфга (IV) эга бўлган ҳамда кучланиши 36 вольтдан паст бўлган электр узатмали механизациялашган аттракционларга нисбатан қўлланилмайди.
Техник регламент талаблари Ўзбекистон Республикасида ва хорижда ишлаб чиқарилган, илгари фойдаланишга топширилган ва биринчи марта муомалага чиқариладиган, фойдаланишда эксплуатация қилувчи ва ташриф буюрувчиларда юзага келиши мумкин бўлган биомеханик хавфнинг I, II, III даражаларига эга биомеханик таъсир кўрсатувчи қуйидаги вақтинча ўрнатиладиган (ташиладиган) ва стационар (пойдеворда ёки пойдеворсиз ўрнатилган) аттракционларга нисбатан қўлланилади:
илгарилаб ҳаракатланувчи механизациялашган (шу жумладан, сувдан фойдаланиладиган) аттракционлар;
айланма ҳаракатланувчи механизациялашган аттракционлар;
мураккаб ҳаракатланувчи механизациялашган аттракционлар;
автодром ва картинг аттракционлар;
ҳаво билан тўлдирилган аттракционлар;
механизациялашмаган сув аттракционлари;
механизациялашган аттракционлар;
болалар учун мўлжалланган аттракционлар.
ЎзА