Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Аттестациядан кимлар ўтиши мақсадга мувофиқ?
17:40 / 2020-06-30

Ҳар бир давлатнинг равнақ топиши, ривожланиши ва гуллаб-яшнаши учун таълим соҳасининг ўрни жуда аҳамиятли ҳисобланади.


Ҳар бир давлатнинг равнақ топиши, ривожланиши ва гуллаб-яшнаши учун таълим соҳасининг ўрни жуда аҳамиятли ҳисобланади. Кейинги вақтда таълим соҳасида бир қанча ижобий ўзгаришлар амалга оширилаётгани фикримизга далил бўлади.

Таълимнинг сифатли ва самарадор бўлиши кўпгина факторларга боғлиқ, албатта . Таълимни тўғри ташкил этишда ўқитувчи ва ўқувчининг бирлиги ва уйғунлиги асосий омил ҳисобланади. Кўп йиллик тажрибалар натижасида ўқитувчининг педагогик маҳорати ошади ва бунинг натижасида ўқитувчи ва ўқувчи бирлиги, бир-бирини тушуниш кўникмалари шаклланиб, ривож топади.

Республикамиздаги жами ўқитувчиларнинг катта фоизини аёл ўқитувчилар ташкил этади. Ўқитувчи аёлларнинг зиммасида биринчи ўринда рўзғор ташвишлари, фарзандлар тарбияси билан бир қаторда ўқитувчилик вазифаси ҳам туради. Ҳатто жони қирқта аёл организмида ҳам хоҳласа-хоҳламаса қирқ ёшдан ошиб-ошмай ҳар хил гормонал ўзгаришлар рўй беради. Соғлиғида муаммолар юзага кела бошлайди. Аммо иккинчи томондан фарзандлар улғайиб қолган, уларни уйли-жойли қилиш каби масалаларнинг ечимини топишга тўғри келади. Буларнинг ҳаммаси тўлақонли оилалилар учун оддий муаммолар ва уларнинг ечимини топиш бироз енгилроқ кечиши мумкин. Аммо ёлғиз аёл ўқитувчилар учун жуда катта руҳий босимларни келтириб чиқаради. Катта муаммолар, рўзғор ташвишлари, руҳий босимлар гирдобида қолган аёлдан шундоқ ҳам ўқитувчилик вазифасини бажариш катта куч талаб қилади. Ёшнинг улғайиши ва юқоридаги салбий таъсирлар натижасида хотиранинг пасайиши кузатилади.

Бундан ташқари, ўқитувчиларга таъсир этувчи субъектив омиллар ҳам мавжуд. Республикамизда 1996 йилдан буён олий ўқув юртларига кириш имтиҳонлари тест асосида ташкил этилмоқда. Тест асосида ўқув юртларига ўқишга кирган ва таҳсил олган мутахассислар ёши қирқ ёшдан кичик. Албатта бу мутахассисларда тест топшириш кўникмалари анча юқори. Аммо уларда педагогик маҳорат ҳали етарли эмас, бу эса ўқитувчи ва ўқувчи орасидаги самимий муносабатларда бўшлиқлар мавжуд эканлигини билдиради.

Учинчи омил шундан иборатки, аттестацияда бериладиган тестлар ўта мураккаб бўлиб, маълум тоифа ўқитувчиларига мўлжалланган. Тестларни тузишда мактаб дастури доирасидан чиқиб кетилган. Шу ўринда ўринли савол тўғилади: хўш, бу тестларни мураккаблаштиришдан ким манфаатдор? Ўртача ҳар битта мактабда биттадан ўқитувчи (баъзи жойларда бундан ҳам кам) репититорлик билан шуғулланишини эътиборга олсак, ўқитувчиларнинг аттестациядан ҳаққоний ўтиш эҳтимоллиги анча пастлигини кўриш мумкин.

Юқорида келтирилган фикрлардан келиб чиқиб мулоҳаза қилсак, мактаб рейтингини белгилаш ёки тоифа олиш тести бўладими, аттестациядан ўтказишда эскирган усуллардан воз кечиб, янгича ёндашиш керак деган фикрдаман. Тестларни ўтказишда таълим инспекцияси мутасаддилари тайёр олий ўқув юртларига кириш тестларидан фойдаланмасдан, балки мактаб ўқитувчиларига мослаб тестлар тузишса мақсадга мувофиқ бўлар эди. Албатта бу таълим инспекцияси мутасаддиларидан ўз устида ишлашни талаб қилади. Аммо катта ижобий натижаларни беради. Шундоқ ҳам юқори босимда ҳаёт ташвишлари билан юрган ўқитувчидан мураккаб тестларни ечишни талаб қилгандан кўра, билимлардан амалиётда қандай фойдаланишни ўргатиш муҳимдир. Жаҳон амалиётида ҳам олинган билимлардан ҳаётда ва амалиётда фойдаланиш ва креатив фикрлашга ўқувчиларни ўргатиш кенг қўлланилади. TIMSS , PISA тестлари фикримизга исбот бўлади. Бизда эса тестларда бутун эътибор фундаментал билимлардан ҳаётда ва амалиётда бирон жойда фойдаланилмайдиган мураккаб мисол ва масалаларни ечишга қаратилган. Ўқитувчилар ҳам оддий инсонлар, уларнинг ҳам жони битта, уларга ҳам умр бир марта берилади. Аммо вазифалари ўта машаққатли ва катта куч, жасорат, фидойилик талаб этишини ҳеч қачон унутмаслигимиз керак. Шундоқ ҳам ҳар куни фидойилик билан жасорат кўрсатиб, меҳнат қилишмоқда.

Барча фикрларни жамлаб, шундай хулоса қилмоқчиман. Ҳар қандай аттестация тестларини қирқ ёшгача бўлган педагог кадрларга ўтказиш жоиз. Катта ёшдагиларни эса ота-оналар ва ўқувчилар билан ижтимоий сўровлар ўтказиб, педагогик маҳоратига кўра баҳолаш мақсадга мувофиқ бўлар эди. Акс ҳолда, олий даргоҳларни эндигина битирган (кириш имтиҳонларига тайёргарликлари, олий даргоҳда олган билимлари ёддан чиқмаган) ёш кадрлар аттестация тестларида ижобий баҳоланиб, ёши катта мутахассисларга бирмунча қийинчиликларни туғдирмоқда. Аттестация тестидан ўта олмаслик, - бу ўқитувчининг билими пастлигини ҳали билдирмайди. Компьютерда ишлаш, тестларни ечиш кўникмаларининг етарли эмаслиги (тестларни тезроқ ечиш методикаси билан танишмасликлари, реакцияларнинг пастлиги, соғликларидаги етишмовчиликлар) салбий натижаларга олиб келаяпти. Ваҳоланки, дарс ўтиш ва ўқувчига мавзуларни тўлақонли сингдириш, билим ва керакли кўникмаларни ҳосил қилиш, синфни ҳамда ўқувчиларни бошқариш каби муҳим хусусиятлар кекса авлод вакилларига хосдир. Сифатли таълимни ташкил этишда мураккаб тестларни ечишдан кўра ўқитувчи - ўқувчи ўртасида дўстона ва самимий муносабатларни шакллантириш жуда муҳим ҳисобланади.

Олмахон Ҳаитова, 
Чилонзор туманидаги 90-мактаб ўқитувчиси