Мамлакатимиз бўйлаб Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги умумий ўрта, мактабгача ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари педагоглари иштирокида аттестация жараёнлари бошланди.
Бухоро вилоятида малака (тест) синовлари Когон туманидаги ихтисослаштирилган мактаб биносида бўлиб ўтмоқда.
Синов жараёнларининг сифатли ва шафоф ўтишини таъминлаш мақсадида барча шарт-шароит яратилган.
Жумладан, кузатув камералари ўрнатилган бўлиб, назорат ўтиш жойлари ташкил этилган. Шунингдек, кутиш хоналари, ҳамшира хонаси, она ва бола хонаси, ошхона ҳам иштирокчилар хизматида.
Синовларда жами 13 832 нафар педагогнинг иштирок этиши режалаштирилган.
–Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 17 сентябрдаги 572-сонли “Мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари педагог кадрларини аттестациядан ўтказиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, жорий йилнинг апрель-май ойларида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги таълим муассасаларининг педагоглари малака тест синовларидан ўтказилади, –дейди вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бўлим бошлиғи Бахтиёр Туев. –2024 йил 1 январдан бошлаб тизим ўқитувчиларига тоифа бериш жараёни бевосита Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан амалга ошириб келинмоқда. Бунда педагогларни аттестациядан ўтказиш учун вазирлик томонидан янги тизим яратилди ҳамда малака тоифасини бериш амалиёти такомиллаштирилиб, инсон омилисиз ўтказиладиган янги тизим жорий қилинди.
2023 йил 5-7 декабрь кунлари ўқитувчилар билим даражаси паст бўлган 20 та туман (шаҳар)да фаолият олиб бораётган педагоглар иштирокида малака тоифалари беришнинг мазкур янги тизими тажриба-синовдан ўтказилди. Унда 4 123 нафар педагог иштирок этди.
[gallery-16951]
Жорий йилнинг апрел-май ойларида ўтказилиши режалаштирилган синов жараёнлари мамлакатимиз миқёсида 2024 йил 15 апрель куни бошланди ҳамда май ойининг якунига қадар давом этади.
Хулоса ўрнида айтиш лозимки, таълим сифатини оширишда ўз устида тинимсиз ишлайдиган, билими ва тажрибаси юқори бўлган ўқитувчиларнинг ўрни беқиёс. Янги аттестация тизими айнан ана шундай малакали ўқитувчилар сонининг ортиши ва бунинг натижасида мамлакатимизда таълим сифатининг янада ошишига хизмат қилади.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат),
ЎзА мухбирлари