Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитасининг 2025 йилда амалга оширган ишлари сарҳисоби ва келгусидаги устувор вазифаларига бағишланган мажлис бўлиб ўтди.
Унда қишлоқ ва сув хўжалиги, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаларидаги қонунчиликни такомиллаштириш, парламент назоратини кучайтириш, фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш, назорат-таҳлил тадбирларини ташкил этиш, соҳада халқаро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича олиб борилган ишларга алоҳида тўхталиб ўтилди.
Қўмита раиси Анвар Тўйчиев Сенат ялпи мажлислари кун тартибига киритилган 19 қонун маъқуллангани, битта қонун рад этилганини қайд этди.
Қўмита томонидан назорат-таҳлил фаолияти доирасида 30 тадбир ўтказилган ҳамда қишлоқ хўжалиги илмий-тадқиқот институтларининг фаолияти ҳамда доривор ўсимликларни етиштириш ва уларни қайта ишлаш масалалари юзасидан масъулларга парламент сўрови юборилган.

Ёшларга ер ажратиш орқали уларнинг бандлигини таъминлаш, ҳудудларда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг амалга оширилиши, чорвачилик тармоқларини ривожлантириш, ер майдонларини фойдаланишга киритиш, яйлов ва ўрмон фонди ерларида озуқабоп экинлар етиштиришни ташкил этиш бўйича вазирлик ва идоралар раҳбарларининг ахборотлари эшитилди.
Қишлоқ хўжалигида экспорт ҳажмини ошириш, иссиқхона хўжаликларини қўллаб-қувватлаш, аҳолини узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш каби масалалар юзасидан сенатор сўровлари юборилди.
Қўмита томонидан халқ билан мулоқот ва мурожаатлар билан ишлашга алоҳида эътибор қаратилиб, 700 га яқин мурожаат кўриб чиқилган ҳамда уларнинг салмоқли қисми ижобий ҳал этилган.
Сенаторларнинг жойларда ўтказган сайёр қабулларида ва Сенат биносидаги қабулларда фуқароларнинг қатор ижтимоий аҳамиятга эга муаммолари ҳал этилди.
Мажлисда маҳаллий кенгашлар билан ҳамкорликда доимий комиссиялар аъзолари учун семинар ва ўқув семинарлари ташкил этилгани, халқаро ҳамкорлик доирасида хорижий парламентлар ҳамда халқаро ташкилотлар билан учрашувлар ўтказилгани қайд этилди.
Президентимизнинг Олий Мажлис ҳамда Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида белгиланган устувор вазифаларга эътибор қаратилди.
Мурожаатномадан келиб чиқиб, қўмитанинг 2026 йилда амалга оширилиши лозим бўлган муҳим вазифалари белгилаб олинди.
“Экологик тоза ҳудудларнинг ҳуқуқий мақоми белгиланиши муносабати билан “Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун ишчи гуруҳ ва экспертлар кенгаши аъзолари томонидан дастлабки тарзда кўриб чиқилди.
Н.Абдураимова, ЎзА