Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш билан боғлиқ қандай жиноятлар борлигини биласизми?
11:04 / 2022-02-28

Ҳуқуқбузарликларнинг асосан тўртта шакли мавжуд. Ҳар бир ҳуқуқбузарлик учун алоҳида жавобгарликнинг ҳам тури мавжуддир. Жавобгарликлар ичида жиноий жавобгарлик жавобгарликларнинг энг оғир тури ҳисобланади.

Жиноят кодекси Махсус қисмида ҳар бир жиноятлар муайян туркумларга ажратилиб, мазкур кодекснинг бўлим ва бобларида ўз аксини топган. Жумладан, экология соҳасидаги жиноятлар Жиноят кодекси Махсус қисмининг тўртинчи бўлимда ўз аксини топган бўлиб, мазкур жиноятлар “Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги жиноятлар” деб ном олган XIV боб ўз ифодасини топган.

Экология соҳасидаги жиноятларнинг хавфлилиги шундаки, ушбу жиноятлар содир этилиши натижасида экологияга, табиятга, атроф-муҳитга, ҳайвонот ва ўсимлик (ўрмон) дунёсига экологик зарар етади. Ўз навбатида мазкур экологик зарар мамлакат экологияси, атроф-муҳит ва ҳайвонот ҳамда ўсимлик (ўрмон) дунёсида оғир оқибатларга сабаб бўлади.

Экологик соҳадаги жиноятлар – бу инсон ва тирик организмларнинг яшаши, асосан уларнинг тирик қолиш ҳолати ҳамда воситаси сифатида атроф табиий муҳит хавфсизлигига қаратилган жиноий тажовузлардир. Европадаги бир қанча давлатлар “Атроф-муҳитни жиноят қонунчилиги орқали муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Конвенцияга қўшилишган.

Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг 1992 йил 9 декабрда қабул қилинган “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги 754-XII-сонли қонунининг 47-моддаси “Табиатни муҳофаза қилишга доир қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик” деб номаланган бўлиб, қонун ҳужжатларида белгиланган қоидаларни бузган айбдор бўлган шахслар Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига биноан интизомий, маъмурий, жиноий ва бошқа йўсиндаги жавобгарликка тортилиши назарда тутилган.

Ўзбекистон Республикасининг амалдаги Жиноят кодексида экология соҳасидаги жиноятларнинг қуйидаги турлари назарда тутилган:

1. Экология хавфсизлигига оид нормалар ва талабларни бузиш (ЖК 193-моддаси);

2. Атроф табиий муҳитнинг ифлосланганлиги тўғрисидаги маълумотларни қасддан яшириш ёки бузиб кўрсатиш (ЖК 194-моддаси);

3. Атроф табиий муҳитнинг ифлосланиши оқибатларини бартараф қилиш чораларини кўрмаслик (ЖК 195-моддаси);

4. Атроф табиий муҳитни ифлослантириш (ЖК 196-моддаси);

5. Ер, ер ости бойликларидан фойдаланиш шартларини ёки уларни муҳофаза қилиш талабларини бузиш (ЖК 197-моддаси);

6. Суғориладиган ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олишга йўл қўймаслик бўйича чоралар кўрмаслик (ЖК 1971-моддаси);

7. Экинзорларни, ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни шикастлантириш ёхуд нобуд қилиш (ЖК 198-моддаси);

8. Ўсимликлар касалликлари ёки зараркунандалари билан кураш талабларини бузиш (ЖК 199-моддаси);

9. Ветеринария, ветеринария-санитария қоидалари ва нормаларини бузиш (ЖК 200-моддаси);

10. Зарарли кимёвий моддалар билан муомалада бўлиш қоидаларини бузиш (ЖК 201-моддаси);

11. Ҳайвонот ёки ўсимлик дунёсидан фойдаланиш тартибини бузиш (ЖК 202-моддаси);

12. Сув ёки сув ҳавзаларидан фойдаланиш шартларини бузиш (ЖК 203-моддаси);

13. Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг режимини бузиш (ЖК 204-моддаси).

А.Алланова,
ТДЮУ Жиноят ҳуқуқи, криминология ва коррупцияга қарши курашиш кафедраси доценти вазифасини бажарувчиси, ю.ф.ф.д. (PhD).

Ф.Худойқулов,
ТДЮУ Жиноят ҳуқуқи, криминология ва коррупцияга қарши курашиш кафедраси доценти вазифасини бажарувчиси, ю.ф.ф.д. (PhD).

ЎзА