French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш долзарблигича қолмоқда
13:33 / 2023-07-14

Кармана туман ҳокимлигида Навоий вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси томонидан тадбиркорлар ва ОАВлари иштирокида “Атроф-муҳитни муҳофаза қилишда қонунчилик талабларига риоя этиш ҳамда кўмир ёқилғисида пишган ғишт, оҳак ва бошқа турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш билан шуғулланаётган корхоналарга замонавий газ-чанг тозалаш ускуналарини ўрнатиш самарадорлиги” мавзусида амалий семинар ўтказилди.

Унда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Давлат экологик сертификатлаштириш ва стандартлаштириш маркази директори Нодир Юнусов томонидан автоматик станцияларнинг технологиялари ва имкониятлари ҳамда саноат корхоналарида атмосфера ҳавосига ифлослантирувчи моддалар ва биологик организмлар чиқарилишини олдини олиш ҳолатлари тўғрисида тушунчалар берилди. Шунингдек, ушбу тадбирда “ZООМ” платформаси орқали хорижий ишлаб чиқарувчи компания вакиллари ҳам иштирок этиб, ишлаб чиқариш корхоналарига замонавий газ-чанг тозалаш ускуналарини ўрнатиш самарадорлиги тўғрисида тақдимот намойиш этилди.  

Ҳеч кимга сир эмас, кейинги йилларда кенг жамоатчилик ўртасида саноат корхоналари ва автотранспорт воситалари сонининг кескин ошганлиги боис атмосфера ҳавоси ҳаддан зиёд ифлосланиб кетаётганлиги тўғрисидаги эътирозлари кўпаймоқда. Афсуски, бугунги кунда металлургия, кимё ва машинасозлик саноати ривожланган Навоий шаҳрида ҳавонинг ифлосланиши сезиларли даражада ошган.  

Маълумотларга кўра, Навоий вилоятида сўнгги 4 йилда саноат корхоналарининг сони, қурилиш ишлари ҳажми икки баробар, транспорт воситалари сони эса тўрт баробарга ўсган. Бунинг натижасида чанг-газ миқдори 4-5 баробарга ошган. Яшил ҳудудлар йилдан-йилга камаймоқда.  

Статистик маълумотларга кўра, бир йилда вилоят ҳудудида атмосферага 109 минг 225 тонна ҳар хил турдаги газ ва чанг чиқарилади. Уларнинг 69 минг тоннаси саноат корхоналари ва 40 минг 225 тоннадан зиёдроғи автотранспорт воситалари ҳиссасига тўғри келади. Бунда энг юқори “улуш”ни йирик саноат корхоналари фаолият юритаётган Навоий шаҳри, Конимех, Кармана ва Томди туманлари эгалламоқда.  

– Саноат корхоналаридаги чанг-газларни тозалаш ускуналарининг 331 таси, яъни 65 фоизи 10-15 йил аввал ўрнатилган бўлиб, улар маънан ва жисмонан эскирган, – дейди бошқарманинг атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш бўлими бошлиғи Толмас Қувонов. – Ҳозирги кунда фаолият кўрсатаётган йирик саноат корхоналарида мавжуд чанг-газларни тутиб қолиш ускуналарининг самарадорлиги эса атиги 86 фоизни ташкил қилмоқда. Ваҳоланки, 2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг Атроф муҳитни муҳофаза қилиш Концепциясида атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи стационар манбаларда самарадорлиги 99,5 фоиздан паст бўлмаган қурилмалар ўрнатилишини таъминлаш белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30 октябрдаги “2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг Атроф муҳитни муҳофаза қилиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида” ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида Навоий вилоятида 19 корхонадаги 43 чанг-газ тозалаш ускуналарини янгидан ўрнатиш ҳамда модернизация қилиш ишларини олиб бориш режалаштирилган эди. Ҳозирда ишлаб чиқариш корхоналари томонидан чанг-газ тозалаш ускуналарини янгидан ўрнатиш бўйича бир қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.  

Жумладан, Зарафшон шаҳридаги “Сарбон” МЧЖга тегишли асфальт ишлаб чиқариш заводи, Қизилтепа туманидаги “Оқ олтин капитал сервис” МЧЖга тегишли ғишт заводи, Кармана туманидаги “Карим” ХК га тегишли оҳак ишлаб чиқариш заводлари учун “Регион Бизнес Навоий” МЧЖ томонидан чанг-газ тозалаш ускуналари ўрнатилди. Шунингдек, Қизилтепа туманидаги “Ҳазрати Амир кулол ёғду” МЧЖ, “Қизилтепа пойдевори” МЧЖ ҳамда “Бунёдкор мададкор қурувчи” МЧЖларга тегишли пишган ғишт ишлаб чиқариш заводлари томонидан имкониятлардан келиб чиққан ҳолда чанг-газ тозалаш ускуналари ўрнатилди. Бундан ташқари, Навоий шаҳридаги “Agro miltech” МЧЖ ва Кармана туманидаги “Кармана Асл дон” МЧЖлар томонидан 2 донадан Туркия давлатининг DEGPA фирмасида ишлаб чиқарилган 95 фоиз самарадорликка эга бўлган ускуналар олиб келиб ўрнатилган.  

Бугунги кунда вилоятда тўғридан-тўғри атмосфера ҳавосига чанг-газлар чиқараётган корхоналарнинг аксарияти чанг-газ тозалаш ускуналарисиз ишлаб келмоқда. Бу корхоналарга асосан пишган ғишт, оҳак ишлаб чиқариш ҳамда умумий овқатланиш корхоналари киради. Навоий шаҳрида фаолият юритаётган “Гўзал маскан Навоий” МЧЖ га қарашли “Навоий” умумий овқатланиш шохобчасига кўмир ёқилғиси фойдаланиш натижасида атмосфера ҳавосига чиқадиган ифлослантирувчи моддани камайтириш мақсадида чанг газ тозалаш ускунаси ўрнатилди.  

– Шаҳардаги “Янгиобод” МФЙда истиқомат қилувчи фуқаролар ҳудуддаги умумий овқатланиш шохобчалари (кабобхона)дан кўмир ёқилғисини ёққанда ҳосил бўлган ифлослантирувчи моддалар атрофга таралиб, атмосфера ҳавосини бузаётганлиги, бу эса аҳоли саломатлигига зиён келтираётгани сабаб ўз эътирозларини билдиришган эди, – дейди умумий овқатланиш шохобчаси директори Ғайбулло Эргашев. – Мурожаатни Экология бошқармаси мутахассислари билан ҳамкорликда ўрганиб чиқдик ва уларнинг кўмагида чанг-газ тозалаш ускунасини ўрнатдик. Шунингдек, Навоий вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ҳамда Навоий давлат кончилик университети олимлари ҳамкорлигида Қизилтепа тумани “Оқтош” МФЙ ҳудудида жойлашган “Қизилтепа бетон қурилиш монтаж сервис” МЧЖда маҳаллийлаштириш ҳисобидан ишлаб чиқариш корхоналари учун газ-чанг тозалаш ускунаси ўрнатилди. Мазкур қурилма лойиҳаси айнан қизилтепалик тадбиркор томонидан молиялаштирилди.  

Семинар давомида тадбиркорларни қизиқтирган саволларга мутасаддилар томонидан атрофлича жавоб қайтарилди.  

 

А.Бўриев,  

ЎзА