Навоий вилояти Кармана туманидаги “Талқоқ” маҳалла фуқаролар йиғинида Ўзбекистон Экологик партиясидан кўрсатилган номзодлар билан сайловчилар иштирокида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда депутатликка кўрсатилган номзодлар келгусидаги режалари ва сайловчилар манфаатига хизмат қилувчи асосий мақсадлари тўғрисида маълумот берди.

Шунингдек, учрашувда вилоят ҳудудида яшил майдонларни кенгайтириш ҳамда турли муаммоларнинг олдини олиш мақсадида амалга ошириладиган ишлар, халқимиз турмуш тарзини янада яхшилаш, мавжуд ижтимоий муаммоларни босқичма-босқич ҳал этиш, шунингдек, партиянинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, аҳоли саломатлиги сақлаш, “яшил” иқтисодиётга ўтиш ва “яшил” энергетикани ривожлантириш, озиқ-овқат хавфсизлигига эришиш ва биохилма-хилликни сақлашга қаратилган келгуси беш йилликдаги устувор вазифалари ҳақида сўз юритилди.

Тадбирда Ўзбекистон Экологик партияси 2030 йилга қадар йирик шаҳарларда йўловчиларнинг велосипедда ҳаракатланиш улушини 20 фоизга етказиш, атроф-муҳитга зарар етказиш ҳисобига олинган энергия улушини камида 25 фоизга қисқартириш, саноатда энергия тежамкор технологияларни жорий этиш орқали энергия сарфини 50 фоизга қисқартириш, 2030 йилгача энергия балансида экологик тоза ва қайта тикланадиган энергия манбалари улушини икки карра оширишни ўз олдига вазифа қилиб қўйгани таъкидланди.

Партия дарахтзорлар мавжуд бўлган ер майдонларини қурилиш мақсадларида реализация қилинишини қонун билан тақиқлаш, 10 ёшдан катта дарахтларни кўчириб ўтказишга бутунлай чеклов қўйиш, керак бўлса, қурилиш мақсадларида дарахтларни ноқонуний кесган тадбиркорларнинг ерга бўлган ҳуқуқини бекор қилиш тартибини жорий қилиш зарур, деб ҳисоблайди.
Учрашувда сайловчиларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб қайтарилиб, бўлажак сайловларда Ўзбекистон Экологик партиясига ва партиядан кўрсатилган номзодларга овоз беришга чақирилди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири